Самарқанд ер юзининг сайқали дея бежиз таърифланмаган. Бу ернинг мусаффо ҳавоси, този суви, ҳосилдор боғлари ва хушманзара табиати барчани бирдек ўзига мафтун этади.
Ички туризмни ривожлантириш орқали юртимиз маънавий меросини кенг тарғиб қилиш мақсадида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш мақсадида Агентлик тизимида бир қатор янги лойиҳалар ишлаб чиқилган. Унга кўра, Агентлик Бош директори маслаҳатчилари тизим ташкилотлари Самарқанд вилояти филиаллари билан биргаликда Самарқанд туманидаги хушманзара «Конигил» туризм масканида экскурсия ташкил этилди.
Мазкур қишлоқда хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг дам олиши, халқ амалий санъати дурдоналаридан завқ олиши, миллий урф-одатлар, анъаналар ва таомлар билан танишишлари учун барча шароитлар яратилган. «Конигил» аҳолиси ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва, албатта, ўз меҳмондўстлиги билан машҳурдир.
Мажмуа ҳудудида меҳмонлар учун барча зарур шароитлар яратилган. Оилавий меҳмон уйлари, дам олиш масканлари, пиёда йўлаклари, умумий овқатланиш шохобчалари ва бошқалар шулар жумласидандир. Бу ерда сайёҳлар гўзал табиатдан баҳра олиш билан бирга, Сиёб анҳори бўйлаб сайр қилиши ва миллий таомлардан татиб кўриши мумкин.
Ходимлар дунёга машҳур қадимий Самарқанд қоғозини ишлаб чиқариш, «Конигилмерос» ҳунармандчилик марказидаги кулоллар ва дурадгорлар фаолияти, қадимги анъаналар асосида ўсимлик ёғини тайёрлаш технологияси билан яқиндан танишдилар, уларнинг сифати билан қизиқдилар ва филиаллар фаолияти, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун моҳияти билан таништирдилар, маҳорат дарсларида қатнашдилар.