Мазкур байрам арафасида Миллий матбуот марказида ЎзТТСА тизимидаги Ўзбекистон аккредитация маркази ташаббуси билан ОАВ ходимлари учун тадбир ташкил этилди. Матбуот анжуманида Ўзбекистонда аккредитация тизимининг ривожи ва келгусидаги устивор йўналишлари юзасидан Марказ директори ўринбосари Зайниддин Аҳмедов ва бошқа масъуллар батавфсил маълумот бердилар. Маълумки, 9 июнь жаҳон миқёсида аккредитация куни сифатида нишонланади. Ушбу сана ҳар йили нуфузли халқаро ташкилотлар - Халқаро аккредитация форуми (IAF) ҳамда Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ҳамкорлиги (ILAC) томонидан маълум бир шиорни илгари сурган ҳолда ўтказилади. Жумладан, 2021 йилда Бутунжаҳон аккредитация куни “Барқарор ривожланиш мақсадларининг амалга ошишида аккредитациянинг ўрни” шиори остида ўтган эди. 2022 йилнинг шиори эса “Аккредитация: иқтисодий ўсиш ва атроф-муҳит барқарорлиги” дея номланиб, бевосита Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган Барқарор ривожланиш мақсадларига уйғун ва унда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган. IAF ва ILAC раҳбарларининг биргаликдаги мурожаатларида ҳам БРМни жорий этишда аккредитация фаолиятининг муҳимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган. Маълумот учун: БМТнинг БРМ дастури жами 17та мақсаддан иборат бўлиб, 2015 йил БМТ Бош ассамблеяси томонидан ишлаб чиқилган. Ўзбекистон аккредитация маркази томонидан ҳам ушбу мақсадларни амалга оширишга катта эътибор қаратилган. Жумладан, мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш жараёнида барча синовларнинг халқаро стандартлар талабига кўра олиб борилиши, бевосита озиқ-овқат, атроф-муҳит, ичимлик суви мусаффолиги, сифатли ва барқарор шаҳар ҳамда аҳоли пунктларининг барпо бўлишига кўмак беради. Синовларнинг халқаро талаблар асосида ўтиши нафақат иқтисодиётга, шунингдек, турмуш тарзи фаровонлигига ҳам бевосита боғлиқ. Аккредитация – ўз моҳиятига кўра ихтиёрий жараён. Бугунги кунда мамлакатимизда аккредитациядан ўтказилган мувофиқликни баҳолаш органларининг 85 фоизи хусусий сектор вакилларидир. Уларнинг сони 347 та. Шундан 127 таси синов лабораторияси бўлса, маҳсулотни сертификатлаш органи 80 та, қолганлари бошқа фаолият билан шуғулланади. Алоҳида қайд этиш керакки, бугунги кунда давлат ушбу турдаги фаолиятни ўз тасарруфида қолдиришдан эмас, кўпроқ хусусий секторни жалб қилишдан манфаатдор. Рақамлар: Аккредитация марказига 2022 йил бошидан июнь ойига қадар 65 та Буюртма келиб тушган. Жорий йилнинг бошидан июнь ойига қадар Ўзбекистон аккредитация маркази томонидан:
* 63та синов лабораториялари ISO17025:2019 “Синов ва калибрлаш лабораторияларининг мувофиқлиги бўйича умумий талаблар” халқаро стандарти бўйича; * 14та маҳсулотларни сертификатлаштириш органлари ISO 17065 “Мувофиқликни баҳолаш. Маҳсулотлар, жараёнлар ва хизматларни сертификатлаштириш органларига қўйиладиган талаблар” халқаро стандарти бўйича;* 3 та инспекция органи ISO17020 “Турли типдаги инспекция органлари фаолиятига қўйиладиган талаблар”; * 17та қиёслаш лабораторияси O’zDST 3444 “Қиёслаш лабораторияларининг малакалигига қўйиладиган умумий талаблар” стандарти бўйича аккредитация қилинган. Матбуот анжумани давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.