Ёқилғи тарқатиш колонкалари метрологик текширувдан ўтказилиши керакми?
Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида, қандай турга киришидан қатъий назар, уларни ёқилғи тарқатиш колонкалари каби асбоб-ускуна билан жиҳозламасдан барқарор, унумли ва сифатли иш бўлиши мумкин эмас. Айнан ушбу жиҳоз воситасида ёқилғи берилиши, унинг назорати, ўлчаниши ва ҳисобга олиш ишлари амалга оширилади. Автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаси стационар, контейнерли ёки мобил бўлсин, ушбу жиҳозсиз ёқилғи қуйиш шохобчасининг ишини амалга ошириб бўлмайди.
Энг аввало ёқилғи тарқатиш колонкалари икки турда бўлиши, хусусан битталик колонка, ёки иккиталик ёқилғи тарқатиш колонкаси бўлиши мумкинлигини таъкидлаш лозим.
Бироқ автомобилларга ёқилғи қуйиш стационар шохобчасининг қурилишида уни иккиталик ёқилғи тарқатиш колонкаси билан жиҳозлаш мақсадга мувофиқ. Гап шундаки, ушбу турдаги колонкалар бир вақтнинг ўзида бирданига иккита автомобилга хизмат кўрсатиши мумкин, бу эса автомобилларга ёқилғи қуйиш вақтини қисқартиради ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида автомобиллар йиғилиб қолишининг олдини олади. Бундан ташқари, бундай тез хизмат кўрсатиш воситасида ўтказиш қобилияти ошиб, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасининг даромадига ижобий таъсир кўрсатади.
Ёқилғи тарқатиш колонкаси АЁҚШда ўрнатиш учун мўлжалланган ва бензин, дизель ёқилғиси ва суюқ мойлар, шунингдек мойлаш қобилиятига эга бошқа суюқликларни ҳисобга олишга хизмат қилади. Ишчи ҳарорати: -25 оС дан +55 оС гача.
Ўзбекистон Республикаси “Метрология тўғрисидаги” Қонунининг 14-моддасига мувофиқ ЎВ давлат реестрига киритилган ва давлат метрология текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доирада қўлланадиган ўлчаш воситалари қиёслашлараро интервалга асосан ўрнатилган тартибда қиёсловдан ўтказилади.
Текширувдан (қиёслашдан) ўтказилиши лозим бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхатига асосан (Адлия вазирлигида 04.05.2016 й. №2782-сон билан рўйхатга олинган) ёқилғи тарқатиш колонкаларининг қиёслашлараро интервали 6 ойни ташкил этади.