Жорий йилнинг 25-27 май кунлари Германиянинг Федерал физика-техник институти (PTB) билан амалга оширилаётган “Марказий Осиё мамлакатларида сифат инфратузилмасини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида Тожикистон Республикасининг “ТАДЖИКСТАНДАРТ” агентлиги вакиллари ташриф буюрди.

ТАДЖИКСТАНДАРТ” агентлиги директори ўринбосари Сафарзода Мансур раҳбарлигидаги делегация Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги раҳбарияти билан учрашди.

Учрашув чоғида стандартлаштириш, техник жиҳатдан тартибга солиш ва мувофиқликни бахолаш соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати кўриб чиқилди.

Учрашув давомида меҳмонлар эътиборига соҳага жорий этилган янгиликлар ва амалга оширилаётган ишлар тушунтирилди.

Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати марказининг лабораториялар фаолияти ва Ўзбекистон миллий метрология институтининг эталонларни ривожлантиришга қаратилган лабораториялар техник базаси билан яқиндан таништирилди.

Институтда миллий эталонларни сақлаш, улардан фойдаланиш бўйича яратилган инфратузилма, илмий-синов ва сифат назорати марказида лабораториялардаги шарт-шароитлар халқаро стандартлар ва меъёрий талабларга мослиги “ТАДЖИКСТАНДАРТ” агентлиги вакиллари томонидан эътироф этилди.

Тадбир якунига кўра, соҳа йўналишларда иккитомонлама кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон Техник жихатдан тартибга солиш агентлиги
Халқаро хамкорлик бошқармаси