Ўзбекистонда Тадбиркор аёллар сони 14 мингтадан ортди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси "Тадбиркор аёл" ишбилармон аёллар ассоциацияси билан ҳамкорликда "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти (бизнес омбудсман) – тадбиркор аёллар фаолияти ривожи йўлида" мавзуида видеосеминар ўтказди.

Парламент қуйи палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, "Тадбиркор аёл" ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Г.Маҳмудова ва бошқалар мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида Конституциямизда, Фуқаролик кодекси ҳамда «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун асосида 1200 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганини алоҳида таъкидлади. 

Мамлакатимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли улар жамиятда муносиб ўрин эгалламоқда. Ўзбекистон "Тадбиркор аёл" ассоциацияси ўз сафида 14 мингдан зиёд ишбилармон аёлни бирлаштириб, уларнинг ташаббусларини рўёбга чиқаришда кўмаклашмоқда. 2016 йилда 24 мингдан ортиқ хотин-қиз бизнес бўйича ўқитилди, 16 мингдан зиёд вақтинча ишсиз аёл меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга йўналтирилди. Хотин-қизлар раҳбарлик қилаётган корхоналарга ажратилган 1,6 триллион сўмлик сармоя эвазига 130 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони бу борада янги босқични бошлаб берди. 
Олий Мажлис ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя килиш бўйича вакил институтини ташкил этиш масаласи ўзига хос янгиликдир. Бундай вакиллик институти фаолиятининг йўлга қўйилиши тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, амалдаги қонунчилик меъёрларига тўлиқ риоя этилиши юзасидан ижро интизомини такомиллаштиришга мустаҳкам кафолат бўлиб хизмат қилади. 
Видеосеминарда янги қонун лойиҳалари, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги қонун, Жиноят-процессуал кодекс ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилиши кўзда тутилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида сўз юритилди. 

Манба: www.gov.uz