Жорий йил 18 март куни Москва шахрида МДҲ Иқтисодий кенгашининг навбатдаги 93-йиғилишида илк бор Ўзбекистоннинг «Indorama Kokand Textile» ва «AGROMIR» корхоналари, маҳсулот ва хизматлар сифати соҳасида эришилган ютуқлари учун МДҲ Мукофоти лауреатлари деб эълон қилинди.
Танлов ғолиблари диплом билан тақдирланади ва соврин логотипидан 3 йил давомида маҳсулотларини ёрлиқлашда реклама мақсадларида фойдаланишлари мумкин бўлади.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги жамоаси вакиллари Қўқон шаҳридаги «Indorama Kokand Textile» корхонасида бўлдилар. Тўқимачилик маҳсулотларини тайёрлаш ҳамда экспортга йўналтиришда етакчи ишлаб чиқарувчилардан ҳисобланган мазкур корхонага стандартлаштириш, сертификатлаштириш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида янада ҳамкорликни кенг йўлга қўйишга келишиб олинди.
Маълумот ўрнида, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатлардаги корхоналарнинг юқори сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришини рағбатлантириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, шунингдек МДҲ ҳамда жаҳон бозорида ўз ўрнига эга бўлишини таъминлаш мақсадида МДҲга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 2020 йил 29 майдаги қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ 2 йилда 1 маротаба Маҳсулотлар ва хизматлар сифати соҳасида эришган ютуқлари учун МДҲ мукофоти танлови ўтказиш жорий этилган.
Танлов шартига мувофиқ МДҲга аъзо давлатларга камида 2 йил давомида маҳсулотларини экспорт қилган ва юқори сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқарилишини таъминлаган саноат, истеъмол товарлари, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар иштирок этиши белгиланган.