Коррупция – иқтисодиётнинг асосий душмани!
“Ўзстандарт” агентлигининг Тошкент шахар синов ва сертификатлаштириш марказида "Коррупцияга қарши курашиш” мавзусида Тошкент шахар прокуратураси ходимлари иштирокида марказ ходимлари билан илмий-амалий семинар ўтказилди. Унда Тошкент шахар прокуратураси ходими сўзга чиқиб, коррупциянинг тушунчаси ва унинг моҳияти, Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш аҳволи ва унинг ижтимоий хавфлилиги, халқаро жамоатчиликни бирлашиб, коррупция муаммосига қарши курашиш масалалари, 2003 йилнинг 31 октябрь куни БМТнинг коррупцияга қарши кураш конвенцияси имзоланиши, 2008 йил 7 июль куни биринчи Президентимиз И.А.Каримов томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши кураш конвенциясига (Нью-Йорк 2003 йил 31 октябрь) қўшилиши тўғрисида”ги Қонуни имзоланиши, коррупциянинг салбий оқибатлари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг Махсус қисми нормаларини таҳлил қилиб, коррупция билан боғлиқ жиноий қилмишлар учун жавобгарлик белгиланганлиги тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, коррупцияни олдини олишнинг чоралари ва унинг асосий йўналишлари, коррупциянинг иқтисодий-ижтимоий, маънавий-руҳий ва ташкилий-бошқарув ва ҳуқуқий омиллари ҳамда коррупцион жиноятлар содир этишини қийинлаштирувчи, коррупцион жиноятлар содир этишнинг хатарли бўлишини таъминловчи ва коррупцион фаолиятдан келадиган фойдани камайтиришга қаратилган чоралар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Маърузада "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонун лойихаси хақида алохида таъкидлаб ўтилди. 2016 йилнинг 14 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасини киритиш ҳақида қонунчилик ташаббуси билан чиқди. Қонун лойиҳаси коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, шунингдек коррупцияни ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларидан тўлиқ бартараф этишга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқат қилмаслик муҳитини яратишга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасига асосан ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг муҳокамасига киритилди. Сенаторлар "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунни маъқуллади. Янги қонун коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни ҳар томонлама тартибга солишга, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилганлиги таъкидланди.
Маъруза сўнгида йиғилишда иштирок этган ходимлар ўзларининг мавзуга оид фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди ва уларнинг саволларига Тошкент шахар прокуратураси ходимлари томонидан батафсил жавоблар берилди.