Тадбиркорлар таклиф билдирди
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати билан ҳамкорликда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришни таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга бағишланган давра суҳбати ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доимий эътибор қаратилаётгани иқтисодиётимиз барқарорлиги ва халқимиз фаровонлигида муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.
Мазкур ҳужжатда хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётдаги роли ва ўрнини тубдан ошириш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш йўлидаги мавжуд тўсиқ ва чекловларни тугатиш, хусусий мулкнинг ялпи ички маҳсулот, жумладан, хориж сармояси иштирокидаги улушини изчил ошириш учун янада қулай иқтисодий, ҳуқуқий шароит ва рағбатлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишларга қарши ишончли ҳуқуқий кафолатларни таъминлашга йўналтирилган давлат назоратининг янги механизмлари жорий этилгани алоҳида қайд этилди.
Буни “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш доирасида давлат органлари фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ваколатли органлар билан ўзаро муносабатининг турли шаклларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар комплекси белгиланганида ҳам кўришимиз мумкин. Дастурда «ягона дарча» тамойили бўйича тадбиркорлик субъектларига хизматлар тақдим этишга доир ягона марказлар орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари рўйхатини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилган.
Давра суҳбати иштирокчилари соҳадаги долзарб масалалар, жумладан, банк тизимида юзага келаётган, экспорт ва импорт жараёнидаги, солиқ тартиби ҳамда солиқ юки, солиқ маъмурчилигидаги қатор масалалар бўйича фикр алмашиб, хусусий мулк ва инвестицияларнинг дахлсизлиги кафолатини амалда кучайтириш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Манба: www.gov.uz