Халқаро сифатни бошқариш тизимлари тадбиркорлар ютуғининг кафолати!
Бугунги кунда республикамиз корхоналарида халқаро стандартлар талаблари асосида сифатни бошқариш тизимларини жорий қилиш ва сертификатлаштириш энг долзарб масалалардан биридир. Корхоналарда халқаро стандарт талабларига мувофиқ сифат тизимларининг жорий этилиши рақобат мухитида корхоналар ютуғининг кафолати хисобланади ва корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширишга ва истеъмолчиларни сифатли ва экологик хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлаш имконини беради.
Шунинг учун ушбу соҳа бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан катта эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда сифат тизимларини сертификатлаштириш идоралари сонини 27 та етказилиб, шундан 8 та сертификатлаштириш идораларини халқаро даражада аккредитациядан ўтказилди.
Қўшимча равишда Агентлик тизимидаги 2 та ҳудудий марказлар (Андижон ва Самарқанд) қошидаги сифат тизимларини сертификатлаштириш идоралари халқаро даражада аккредитацияга тайёрланмоқда.
Республикада 17155 та ишлаб чиқарувчи корхоналармавжуд бўлиб, шундан 4 181 таси сертификатлаштирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 19 октябрдаги «2020 йилгача бўлган даврда Сифат миллий инфратузилмасини ривожлантириш Дастурини тасдиқлаш тўғрисида» 298-сонли қарори ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг Комплекслари кесимида 2016 йилда режалаштирилган 136 та корхоналар тўлиқ халқаро стандартлар бўйича сертификатлаштирилди.
Бундан ташқари Хукумат қарорини Республика худудлари кесимида ижроси юзасидан 2016 йилда режалаштирилган жами 649 та корхоналарнинг барчасига сифат тизимлари жорий этилди ва сертификатлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4720-сон фармонини ижроси бўйича 2016 йилда режалаштирилган 118 та акциядорлик жамиятларининг барчасида сифат тизимлари жорий этилиб, сертификатлаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майдаги «2015-2019 йиллар учун иқтисодиёт ва ижтимоий тармоқ соҳаларида энергия ҳажмини қисқартириш, энергияни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги ПҚ-2343-сон қарори ижроси юзасидан жорий йил учун режалаштирилган 11 та корхоналарда халқаро ISO 50001 стандартига асосан энергия менежменти тизимлари жорий этилди.