Ўзбекистонда қайси турдаги тезликни ўлчаш ускуналари қўлланилади ва улардан фойдаланишда қандай меъёрларга риоя қилиш керак?

Ўзингиздан қолар гап йўқ, тинч ва фаровон ҳаёт кечириш инсоннинг эзгу орзу-мақсадларидан биридир. Бунинг учун у кундалик турмушда ҳам, меҳнат фаолияти жараёнида ҳам жорий меъёрларга амал қилиши даркор!

Табиийки, меъёрларнинг ҳам ўз асослари, ўлчамлари, тегишли қонун ва ҳужжатлари бор. Республикамизда соҳага оид қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари асосида фаолият юритувчи ваколатли орган эса  “Ўзстандарт” агентлигидир.

 “Метрология тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига мувофиқ, эталонлар, ўлчов воситалари, синов воситалари, моддалар ва материаллар таркиби ҳамда хоссаларининг стандарт намуналари, ахборот-ўлчов тизимлари ҳамда ўлчовларни бажариш услубиётлари давлат метрология текшируви ва назоратининг объектлари саналади. Тезликни ўлчаш қурилмалари ҳам шулар сирасига киради ва фоторадарлар деб аталади. Улар тезликни қайд қилиб, бу ҳақдаги маълумотни қайта ишлаган ҳолда ўз хотирасига жойлаштиради. Кейинги босқичда уни мониторга ёки бошқа тасвирни кўрсатиш қурилмаларига узатади. Маълумотлар келиб тушган қурилмаларда эса ҳеч қандай ўлчаш ишлари амалга оширилмайди. Шу боис улар давлат метрология текшируви ва назорати объекти ҳисобланмайди.

Ҳозир юртимизда “Искра – 1”, “Искра – видео”, “Искра – видео – 2, “Радис”, “ВИЗИР”, “ВИЗИР 2М”, “КРИС”, “АМАТА”, “АРЕНА”, “КОРДОН” русумли 10 турдаги тезликни ўлчаш ускуналаридан фойдаланилмоқда. Уларнинг дастурий таъминотига қўйиладиган талаблар Евроосиё метрологик муассасалари ҳамкорлиги ташкилотининг (Euro-asian Corporation of National Metrological Institutions) CООМЕТ R/LM/10:2004 тавсиянома ҳужжатида белгиланган. Унга асосан, ўлчов воситаси билан бирга комплекс тарзда ишлайдиган нормаланган метрологик хусусиятга эга  дастурий таъминот кўрсатиш қурилмалари ва узатиш тизимлари ўртасидаги алоқа тегишли маълумотларнинг ҳақиқийлигини ва бутунлигини таъминлайдиган воситалар ёрдамида ҳимояланган бўлиши керак. Бундай ҳимоя ва унинг даражасини ўлчов асбобини ишлаб чиқарувчи ташкилотлар белгилаб беришади ва бу хусусдаги маълумотлар техник ҳужжатларда қайд этилади.

Яна бир гап. Нормаланган метрологик хусусиятларга эга бўлмаган дастурий таьминот ва аппаратли комплекслар давлат метрологик текшируви ва назорати объекти бўлолмайди. “Ўзстандарт” агентлиги тасдиқлаган “Техника воситаларини ўлчов воситалари жумласига киритиш мезонлари” айни соҳадаги меъёрий-ҳуқуқийдир. У жорий йилнинг 3 октябрида 2829-сон билан Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.  

 “Метрология тўғрисида”ги Қонунга биноан, давлат метрология текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доираларда фойдаланиладиган, ишлаб чиқарилиши ва импорт бўйича четдан олиб келиниши лозим бўлган ўлчов воситалари давлат синовларидан ёки метрологик аттестациядан ўтказилиши шарт. “Ўлчаш воситаларини қиёслаш. Асосий қоидалар” стандартининг 4.10-бандида уқтирилишича, қиёслашнинг ижобий натижалари қиёслаш воситалари ва усуллари жорий қилинган ҳужжатларга мувофиқ расмийлаштирилади ва қиёслаш сертификати билан тасдиқланади. Тезликни ўлчаш воситалари учун бериладиган қиёслаш сертификати “Ўзстандарт” агентлиги томонидан тасдиқланган бўлиб, Адлия вазирлигида 2016 йил 4 майда 2782-сон билан рўйхатга олинган “Текширувдан (қиёслашдан) ўтказилиши лозим бўлган ўлчаш воситаларининг рўйхати”га асосан 1 йил муддатга берилади.

Албатта, янгидан ўрнатилаётган, тезликни ўлчаш функциясига эга бўлган фото ва видео қайд этиш қурилмаларининг давлат реестрига киритилишини таъминлаш, автотранспортлар тезлигини ўлчаш воситаларининг ўз вақтида қиёслашдан ўтказилишига эришиш муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари  бу масалага алоҳида эътибор қаратсалар, фойдадан холи бўлмасди. Ҳайдовчилар эса йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишлари, тезликни белгиланган меъёрилан оширмасликлари керак!