Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизим ташкилотлари Хоразм вилояти филиалларида “Бир асрнинг икки даҳоси” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ва китоблар кўргазмаси ташкил этилди.

 Унда Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Сотим Аваз, журналистлар уюшмаси аъзоси Ҳусайн Раҳмон, Аз-Замахшарий номидаги вилоят кутубхонаси етакчи мутахассиси Мирзабек Тўхтабоевлар иштирок этдилар.

Тадбирда Ўзбекистон миллий метрология  институти ходимлари Алишер Навоийнинг давлат хизматига доир маълумотлар ҳақида гапириб, шу масала ҳақидаги асарлари билан таништирдилар. Алишер Навоий бобомизнинг бош вазир, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шоҳ вазифасида фаолият олиб борганлиги ҳамда буюк аждодларимизнинг босиб ўтган ҳаёт йўллари ва ижодлари ҳақида  маълумотлар берилди.

Шунингдек, учрашувда Алишер Навоий ва Бобур Мирзо ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритилиб,  Бобурнинг 12 ёшида давлат бошқарувини қўлга олганлиги аввало унинг онасига, айтган аллаларига, оталари ва устозларидан олган таълим ва тарбияларига боғлиқлиги, ҳамда ғазал ва шеърият мулки султони, тасаввуф илмининг заргари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бадиий ижодда, илмда, давлат бошқаруви ва ҳарбий санъатда обрў қозониши фақатгина бу йўналишларда эмас, балки миллат, халқаро ҳамжамиятнинг маънавий тафаккуридаги юксалишларга хизмат қилишини, бундай фарзандларнинг ноёб истеъдоди, қолдирган бой мероси миллат нуфузи буюклигини сақлашга, номини улуғлашга хизмат қилиши айтиб ўтилди.