ЎзТТСА ҳузуридаги Ўзбекистон миллий метрология институтида Ислом Каримов номли Тошкент давлат Техника Университетининг етакчи олимлари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда техника фанлар доктори, профессор, академик Нодирбек Юсупбеков ва Университетнинг «Ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш» ҳамда «Метрология, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш» кафедралари профессор-ўқитувчилари, докторантлари ва ёш олимлари иштирок этдилар.
Дастлаб профессор-ўқитувчилар Ўзбекистон миллий метрология институти лабораториялари, миллий эталонлар базаси, амалга оширилаётган амалий ва инновацион лойиҳалар, халқаро ҳамкорлик билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, суҳбатда иқтисодиёт тармоғининг ҳеч бир турини метрологиясиз тасаввур қилиб бўлмаслиги, ва институтнинг лаборатория базаси бунга жавоб берадиган ҳолатда эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, учрашувда республика олий ўқув юртларидаги метрология ва стандартлаштириш бўйича мутахассис чиқарувчи кафедралар мудирлари, етакчи олимлари иштирокида семинар ўтказиш, ёшларнинг илмий мақолалар тайёрлаш ишларига профессор-ўқитувчиларни бириктириш, «устоз-шогирд» анъанасини ҳар иккала ташкилотда амалга ошириш, ходимларнинг магистратурада ўқиши, лабораториядаги маълумотлар, олинаётган натижалар ҳақида ўқув қўлланмаларига киритиш, соҳа бўйича докторлик диссертацияларини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш ишларини жадаллаштириш юзасидан ҳам сўз юритилди.