Исссиқ ва совуқ сув ҳисоблагичларни қиёслаш лозимми?
“МХКМ” ДК 08-бўлим 1 тоифали мутахассиси
Инагамджанов Д.Т.
Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги Қонунининг 16-моддасига мувофиқ, давлат метрология текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доираларда (қонуннинг 14-моддасида кўрсатилган) фойдаланиладиган, ишлаб чиқарилиши ва импорт бўйича четдан олиб келиниши лозим бўлган ўлчов воситалари давлат синовларидан (кейинчалик уларнинг турини тасдиқлаш шарти билан) ёки метрологик аттестациядан ўтказилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ, давлат метрология текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доираларида фойдаланиладиган ўлчаш воситалари метрологик текширувдан ўтказилган бўлиши лозим. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат реестрига киритилган ҳамда давлат метрологик текшируви ва назорати татбиқ этиладиган доираларда қўлланилиб келинаётган иссиқ ва совуқ сув ҳисоблагичлар (кейинги ўринларда “сув ҳисоблагичлар” деб юритилади) даврий қиёслаш ўтказилганидан сўнг фойдаланишга йўл қуйилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 4 майда 2782-сон билан рўйхатдан ўтган “Текширувдан (қиёслашдан) ўтказилиши лозим бўлган ўлчаш воситалари туркумларининг рўйхати”га мувофиқ сув ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш оралиғи жисмоний шахслар учун 4 йилда 1 марта, юридик шахслар учун эса 2 йилда 1 марта ташкил қилади.
Сув ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш учун ечиш. Ҳудудий сув таъминоти корхонаси сув ҳисоблагичларни қиёслаш муддати тугашидан ўттиз кун олдин истеъмолчини даврий қиёслашдан ўтказиш зарурлиги ҳақида огоҳлантириш учун масъулдир.
Истеъмолчи сув ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш учун уни ечишни сўраб ҳудудий сув таъминоти корхонасига ариза билан мурожаат қилади. Ҳудудий сув таъминоти корхонасининг мутахассиси аризага асосан сув ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш учун истеъмолчи иштирокида ечиб олади ва икки нусхада ечиб олинганлиги тўғрисида далолатнома расмийлаштиради. Далолатноманинг бир нусхаси сув ҳисоблагич билан бирга истеъмолчига тақдим этади.
Истеъмолчининг хоҳишига кўра уни сув тармоғига сув ҳисоблагичисиз улайди ёки вақтинча тармоқдан узиб қўяди. Истеъмолчи сув ҳисоблагичисиз сув тармоғига уланган тақдирда, фойдаланилган сув учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тўлов амалга оширилади.
Сув ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш учун топшириш, қиёслаш ва таъмирлаш. Истеъмолчи сув ҳисоблагичини ва сув ҳисоблагичининг ечиб олинганлиги тўғрисидаги далолатнома нусхасини қиёслашдан ўтказиш учун давлат метрология хизмати органига топширади. Сув ҳисоблагични қиёслашдан ўтказиш учун қабул қилинганда, манфаатдор шахс ва давлат метрология хизмати органи ўртасида тузилган шартномага асосан уч кун ичида қиёслашдан ўтказилади.
Сув ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш натижаси ижобий бўлган тақдирда яроқли деб топилади ва қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақида сертификат расмийлаштрилиб, ҳисоблаш механизми ва созлаш элементига ташқи таъсирлар қилинишини олдини олиш мақсадида давлат метрология хизмати органи томонидан пломбаланади.
Сув ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш натижаси салбий бўлган тақдирда, сув ҳисоблагичи фойдаланишга яроқсиз деб топилади ва яроқсизлиги ҳақида хабарнома берилади.
Сув ҳисоблагичи яроқсиз деб топилган тақдирда, истеъмолчи уни таъмирлаш учун таъмирлаш ташкилотларига топшириши ёки Ўзбекистон Республикаси Ўлчов воситалари давлат реестрига киритилган ва қиёслашдан ўтказилган бошқа сув ҳисоблагичларидан фойдаланиши мумкин. Сув ҳисоблагичларини таъмирлаш ташкилоти томонидан техник текширувдан ўтказиш натижалари бўйича икки нусхада далолатнома тузилади ва унинг бир нусхаси истеъмолчига берилади.
Давлат метрология хизмати органининг масъул ходими таъмирланган сув ҳисоблагичларни таъмирлашдан сўнг қиёслашдан ўтказади, қиёслаш натижаси ижобий бўлган тақдирда, яроқлилиги ҳақида сертификат расмийлаштиради ва пломбалайди.
Қиёслашдан ўтказилган сув ҳисоблагичларини ўрнатиш. Истеъмолчи қиёслашдан ўтказилган сув ҳисоблагичларни ўрнатиш учун тегишли ҳудуддаги сув таъминоти корхонасига ариза билан мурожаат қилади. Тегишли ҳудуддаги сув таъминоти корхонасининг мутахассиси сув ҳисоблагичларини ўрнатишдан олдин унинг қиёслашдан ўтказилганлиги ҳақидаги сертификатнинг мавжудлиги ва пломбаларининг бутлигини текширади.
Тегишли ҳудуддаги сув таъминоти корхонаси мутахассиси сув ҳисоблагичларни ўрнатгандан сўнг, истеъмолчини сув тармоғига улаш штуцерларини пломбалайди ва икки нусхада сув ҳисоблагичларни ўрнатилганлиги ҳақида далолатнома тузади ҳамда далолатноманинг бир нусхасини истеъмолчига тақдим этади.
Сув ҳисоблагичлар ўрнатилгандан сўнг, рўйхатга олинади ва фойдаланилган сув сув ҳисоблагичларнинг кўрсаткичига мувофиқ ҳисобланади.