14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топган кун сифатида нишонланади. Ватан ҳимоячилари кунини нафақат ҳарбий хизматчилар, балки айни вақтда армия сафларида ўз бурчини ўтаб қайтган ватандошларимиз ва эртага хизматга борадиган минг-минглаб навқирон йигитларнинг байрами, деб қабул қилинган.
Ушбу кун муносабати билан Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизим ташкилотларининг Навоий вилояти ҳудудий филиаллари ходимлари иштирокида “Мардлар қўриқлайди Ватанни” мавзусида байрам тадбири ташкил этилди. Байрамда Ш.Мирзиёевнинг Ватан ҳимоячиларига юборган табриги ўқиб эшиттирилди. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Ш.Мирзиёевнинг Ватан ҳимоячиларига йўллаган табригида Қуролли Кучларнинг мардонавор меҳнати эътибор этилиб, уларнинг олдида турган энг долзарб вазифалар белгилаб берилди. Йигитларимиз ота-она ва оиласини, ўзи яшаётган юрт тупроғини муқаддас билиб, Ватан ҳимояси учун доимо шай туришни бурч деб ҳисоблаган. Ушбу байрамнинг нишонланиши халқимизнинг ўз миллий армиясига нисбатан чексиз ҳурматини, алп йигитларига нисбатан ифтихорини билдиради.
Тадбир кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди ва йигитлар ўртасида турли беллашувлар ўтказилди. Ғолиблар эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Жамоанинг хотин-қизлари ўзларининг бадиий чиқишлари билан мард йигитларни муборакбод этдилар.