“Янги Ўзбекистон” тарихи саҳифаларида сўнгги тўрт-беш йилнинг сарҳисоби қилинганда ҳеч иккиланмай айтиш лозим, жуда катта ислоҳотлар амалга оширилди.
Муҳтарам Президентимизнинг аниқ ва узоқни кўзлаб олиб бораётган ташаббуслари нафақат халқимиз томонидан, балки жаҳоннинг кучли сиёсатчилари, иқтисодчилари томонидан юксак баҳоланмоқда.
Эътиборли томони шундаки, яқинда халқимизнинг қизғин муҳокамасидан ўтиб, юртимизнинг эртанги тақдири ҳамда тараққиёт йўлини белгилаб берадиган Тараққиёт стратегияси – бу халқимизнинг манфаатлари, орзу-интилишларини ўзида мужассамлаштирган катта ривожланиш нуқтаси десак хато бўлмайди.
Бунда халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг устувор йўналишлари белгиланди.
“Инсон қадри учун” тамойилига асосан ишлаб чиқилган қуйидаги еттита устувор йўналишдан иборат Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” белгилаб олинди.
* инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;
* мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;
* миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш;
* адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;
* маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш;
* умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш;
мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш.
Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан мазкур ташаббусларни чуқур ўрганиш, белгиланган устивор йўналишларни сифатли таъминлаш, миллий маҳсулотларимизни халқаро стандарт талаблари асосида ишлаб чиқариш, унинг рақобатбардошлигини ошириш, ҳамда ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларга яқин кўмакдош бўлишдек вазифалар белгилаб олинди.