Маҳсулотдаги штрихли код нима учун керак?


Ўзбекистон Республикасида штрихли кодлаш тизими EAN халқаро товар рақамлаш тизими доирасида ишлаб чиқилган ва фаолият юритади, миллий ва халқаро кодлаш тизимининг мос келишини ҳамда ахборот алмашиш учун ягона тилни таъминлайди.

EAN штрихли кодларидан фойдаланиш устидан назорат GS1 UZBEKISTAN (EAN
UZBEKISTAN) ассоциацияси ва “Ўзстандарт” агентлигининг “Штрихли кодлаш маркази” давлат корхонаси томонидан биргаликда амалга оширилади. GS1 (Белгия, Брюссел) Халқаро ассоциацияси томонидан мамлакатимизга 478 рақамли идентификатсион код берилган. GS1 UZBEKISTAN ассоциацияси корхонага унга рўйхатга олиш рақами берилгани тўғрисида гувохнома ва EAN тизимига кўра товар код тузилмасини беради.

Ҳозирги кунда савдо шахобчаларидан сотиб олинган деярли ҳар кандай товар ўз штрихли кодига эга (штрих код). Бу товар маркировкаси 1949 йилда Бернард Силвер ва Норман Джозеф Вудланд томонидан маҳсулотдан уни назорат қилишда ахборотни автоматик тарзда ўқиб олиш имкони учун кашф қилинган.

Биринчи навбатда штрихли код савдода керак. Агар дўконда штрихли кодни ўқийдиган (POS- терминал деб аталадиган ингл. Поинт оф Сале - "Сотиш пунктлари") компютер кассаларига уланган автоматлаштирилган тизим жорий қилинган бўлса, савдо залининг барча товарларида штрихли код мавжудлиги кассалар (POS-терминаллар) олдида харидорларга хизмат кўрсатиш вақтини қискартиришга имкон беради. Касса чекида харид килинган товарнинг аниқ номи ва унинг нархи кайд қилиниши учун кассирга махсус ўқиш қурилмаси (сканер) билан товар қадоғидан
EAN/UCC-13 рақамини ўқиб олишнинг ўзи кифоя.

Бундан ташсари, савдо залининг барча назорат касса машиналари ягона назорат қурилмасига (компютерга) уланганда ҳар қандай вақтда у ёки бу товар сотилишининг хақиқий ҳажмини, у ёки бошқа буюмларга бўлган эҳтиёж даражасини бахолаш (тикув буюмлари ҳолларида аник моделларга бўлган эхтиёжни бахолаш), савдо залининг расталаридаги товарлар заҳирасини тўлдириш учун омборга олдиндан буюртма бериш мумкин.

Оддий қоида: дўкондаги товарнинг штрихли коди ҳам нарх, ҳам харид қилинган товар эквиваленти ҳисобланади. Агар икки товар нархи бўйича фарқланса, улар ҳар хил штрихли кодга (EAN ракамига) эга бўлиши керак.

Ҳозирги вақтда штрих код нафақат савдода, балки омборхона ҳисобини олишда, почтада, кутубхона ишида ва бошқа соҳаларда ҳам товар билан ишлашни анча осонлаштиради. У бевосита ё товарни ишлаб чиқаришда унинг упаковкасига ёки махсус принтерлар ёрдамида босиладиган стикерларга қўйилади.

Чизиқли штрих кодда, оқ-қора чизиқлар тагида рақамлар билан куйидаги ахборот берилган:

Биринчи учта рақамда (478) товар чиққан мамлакат (ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи) тўғрисидаги ахборот шифрланган. Кейинги 6 та рақамда ишлаб чиқарувчи корхона тўғрисида маълумот (001020), улардан кейинги 3 та рақамда (041) товар тўғрисида маълумот. 1-назорат сони.

Товар тўғрисида маълумот тақдим этувчи рақамлар қуйидаги ахборотга эга: товар номи, истеъмолчилик хусусиятлари, ўлчамлари, массаси, таркиби, ранги.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга берилган штрихли кодлар тўғрисидаги маълумотларни, “Ўзстандарт” агентлигининг интерактив хизматлар портали www.my.standart.uz орқали олишингиз мумкин.

Штрихли код ёки қўшимча маълумот олиш учун қуйидаги манзилга мурожаат қилинг:

100049, Тошкент шаҳри, Фаробий 333 “А”, тел.: (0-371) 150-27-16, 202-00-11 (ички рақам 1078, 1079), электрон почта: otdelshk@shtrixkod.uz