Бу йил буюк саркарда ҳамда давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги кенг нишонланиб, йил давомида саркарда хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказиб келинди. Ҳудди шундай тадбирлардан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Қашқадарё вилояти ҳудудий филиаллари ҳамкорликда «Амир Темур — Иккинчи Ренессанс ҳомийси» мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази вакили, Қарши давлат университети доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори PhD Ғ.Х.Каромов ўз маърузалари билан иштирок этдилар. Мулоқотнинг асосий мавзуси ўзбек давлатчилигининг тарихан шаклланишига Амир Темур қўшган буюк ҳисса, унинг сиёсий, дипломатик фаолияти билан боғлиқ жиҳатлар ҳақида бўлди.

Ғ.Каромов Ватанимиз тарихининг иккинчи Ренессанси Амир Темур ва темурийлар даврига тўғри келиши, ушбу даврда Соҳибқирон марказлашган давлат тизимини яратганлиги, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, фан ва маданият равнақига жуда катта эътибор қаратганлиги, натижада шаҳарсозлик, меъморчилик, илм-фан, маданият ва санъат соҳалари жадал ривожланганлиги, халқаро савдо ва дипломатик алоқалар фаоллашгани ҳақида батафсил маълумот берди. Таъкидлаш лозим, бу даврда ўлка дунёнинг энг буюк сиёсий, иқтисодий, маданий марказига айланди.

Маърузачилар буюк саркарданинг давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, бунёдкорлик, илму фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари, ҳаёт, эзгу амаллар ҳақида билдирган фикрлари, ҳар бир масалада етти ўлчаб, эл манфаатини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ ибратли фазилатлари ёритилган «Темур тузуклари» асари бўйича “Сиз Амир Темурни биласизми” мавзусида ходимлар билан викторина ўтказдилар.

Очиқ мулоқот тарзида кечган тадбирда иштирокчилар Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига оид ўзларини қизиқтирган саволларга ҳам атрофлича жавоб олдилар.