Ўзбекистон миллий матбуот марказида “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси ҳамда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамкорлигида “Аҳолини хавфсиз ва сифатли ёғ-мой маҳсулотлари билан таъминлаш – долзарб масала” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиш даражаси мамлакат фаровонлигини таъминлаш билан бирга иқтисодиётнинг ривожланишини белгилаб берувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Шу боис ёғ-мой маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги масаласига устувор вазифаларимиздан бири сифатида қарамоқдамиз.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда “Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати” мутахассисларидан иборат таркибда Ишчи гуруҳлари ташкил этилди ва ёғ-мой корхоналарида назорат тадбирлари ўтказилди. Бугунги кун ҳолатига кўра, 514 та корхонада текширишлар якунланди. Техник чигитни қайта ишлашга ихтисослашган 303 та ёғ-мой корхонасининг 82 таси пахта техник чигитини қайта ишлаш учун белгиланган талабларга мувофиқ фаолият юритаётгани аниқланди. Афсуски, 221 та корхонада пахта чигитини қайта ишлаш бўйича белгиланган талаблар бажарилмаган.
Амалиётга тадбиқ этилаётган мазкур тизим – пахта чигитини тўлиқ циклда қайта ишлаш қувватларига эга бўлган корхоналарга биржа савдолари орқали сотиш экстракция усулида хом ашёни технологик жиҳатдан чуқур қайта ишлаш имконини беради. Шунингдек, аҳолига амалдаги стандарт талабларига жавоб берадиган, сифатли ўсимлик мойи етказиб берилишини таъминлайди.
Фаол инвестиция сиёсатининг юритилиши натижасида ҳар йили 34,0 миллион доллар миқдорида импорт ўрнини қоплаш, қўшимча равишда йилига 10 минг тонна соя изоляти, 6,0 минг тонна маргарин, 4,0 минг тонна ўсимлик мойи, 200 тонна лицитин ишлаб чиқарилади ва тармоқнинг экспорт салоҳияти 5-65-75 фоизга ошади ҳамда 3090 тадан ортиқроқ янги иш ўринлари барпо қилинади. Мавжуд корхоналарни замонавий, энергиясамарадор технологиялар, ускуна ва жиҳозлар орқали модернизациялаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилади. Мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ёғ-мой маҳсулотларининг нафақат ҳажмини оширади, балки сезиларли даража сифатини яхшилайди.
Тадбир сўнггида оммавий ахборот воситалари ходимлари томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.