Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва унинг идоравий мансуб ташкилотларида, жумладан, Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги, Экспортни рағбатлантириш агентлиги, Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги, Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази ҳамда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида фаолият юритаётган ёш ходимлар билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, вазирлик фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари, унинг олдида турган долзарб вазифалар, корпоратив сиёсат, ходимлар малакасини ошириш ва ёш ходимларни рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда вазирликнинг корпоратив маданиятини шакллантириш, ёшларни ташвишга солаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратиш ҳамда ташкилотнинг тажриба ва қадриятлар давомийлигини таъминлаш мақсадида таркибий бўлинмаларида турли ёшдаги ходимлар биргаликда фаолият юритишининг муҳимлиги таъкидланди.

Вазирлик раҳбарияти турли тузилмаларда ишлаш ҳамда вазифаларни тезкор ва сифатли ҳал этиш учун зарур бўлган касбий маҳорат ва шахсий фазилатларни ишлаб чиқиш бўйича шахсий тажрибаси, шунингдек, турли даражаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш усуллари билан ўртоқлашди. Иш жараёнида тизимли ва мувофиқлаштирилган ёндашувни қўллаш, жамоа бўлиб фидокорона ишлашнинг зарурлиги қайд этилди.

Тадбиркорлар, ишлаб чиқарувчилар ва экспортёрлар билан бевосита ишлаш, маҳаллалар билан фаол ҳамкорлик қилишгага алоҳида эътибор қаратилди. Ёш мутахассисларга давлатимиз раҳбарининг «маҳаллабай» тизимида самарали ишларни ташкил қилиш бўйича янги ташаббусларини амалга оширишда иштирок этиш ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги бириктирилган 41 та тумандан ўзига маъқулида ҳоким ёрдамчиси – маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи сифатида ўз кучларини синаб кўриш таклиф этилди. Ҳудудларда ишлаш тажрибаси фойдали билимларга эга бўлиш, жойлардаги иқтисодий аҳволни ҳар томонлама ўрганиш, тадбиркорларни амалий қўллаб-қувватлаш ҳамда мавжуд масалаларни ҳал этиш учун турли идоралар билан ишлашни ўрганиш имконини бериши таъкидланди.

Вазирликда ташкил этилган Ёшлар кенгаши фаолиятини такомиллаштириш таклиф этилди. Бунда асосий урғу ёш ходимлар ўз фикр ва таклифлари билан ўртоқлашиш, иш жараёнида юзага келадиган масалаларни, шунингдек, Вазирлик амалий ёрдам бериши мумкин бўлган муаммоларни билдириш учун доимий фаолият кўрсатадиган платформа яратишга берилади.

Учрашув иштирокчилари иш фаолияти самарадорлигини ошириш, корпоратив маданиятни ривожлантириш ҳамда вазирлик таркибий бўлинмалари ва унинг қуйи ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўз ғоя ва таклифларини билдириш имконига эга бўлдилар. Кўтарилган масалалар ва таклифлар кўриб чиқиш учун қабул қилинди.