Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги 2021-2022 йилларда ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотлар (марказлар, университетлар ва бошқалар) га қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш бўйича ўтказилган иккинчи босқич саралаш танловлар натижаларини эълон қилди.

«Ёш олимларни етакчи хорижий илмий ташкилотларга қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш тартиби тўғрисида» Низомга ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Махсус эксперт гуруҳининг ҳамда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кузатув кенгашининг тегишли қарорларига асосан танловда ғолиб деб топилган 101 нафар ёш олимлар қаторида Ўзбекистон миллий метрология институтининг 3 нафар ёш, метролог олимлари ҳам бор.

Институт мутахассиси Нишонов Вохобжон Хамидулла ўғли ҳам ғолиб бўлиб, у «Верлаб» лтд Тиббиёт ўлчаш воситаларини қиёслаш лабораторияси (Босния ва Герцеговина)да уч ҳафта давомида илмий стажировка ўташи белгиланди.

Навбатдаги мутахассис Рахманова Нозима Равшановна Туркия миллий метрология институтида метрология йўналишида малака ошириб қайтади.

Улуғбек Панжиев Украинанинг Днепр метрология стандартлаштириш ва сертификатлаштириш илмий- ишлаб чиқариш марказида малака оширишга йўлланма олди. Институтнинг бу 3 нафар ёш олими танловда хорижий тилларни ўзининг иш фаолиятини амалга оширишда зарур бўлган даражада билиши ва қўллай олиши, стажировка мақсад ва вазифаларининг долзарблиги ҳамда илмий ёки иқтисодий самарадорлигини ёритиб бера олганлиги, стажировканинг олий таълим ёки илмий ташкилотнинг йўналишлари, эҳтиёжлари ва талабларига мослиги бўйича юқори баллар билан ғолиблар сафидан ўрин олишди.