Давлатимиз суверенитетининг рамзларидан бири бўлган “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигига 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизим ташкилотлари ҳудудий филиаллари томонидан “МУҚАДДАСДИР ВАТАН БАЙРОҒИ” мавзуида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Учрашувда Фарғона вилояти маънавият ва маърифат маркази тарғиботчиси М. Эҳсонова иштирок этиб, қадимдан юртимиз давлатчилигида байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлгани, Соҳибқирон Амир Темур салтанатида давлат байроғи адолат, буюк куч-қудрат рамзи ҳисобланганлиги, жангу жадалларда юксак мардлик ва жасорат белгиси сифатида энг кучли баҳодирларга ҳадя қилинганлигини эътироф этди.

Давлатимиз байроғида акс этган ҳар бир ранг, белги юртимизнинг бой тарихи, миллий давлатчилигимиз, бебаҳо қадриятларимизни, Ватанимиз келажагини ифода этади ҳамда республиканинг миллий-маданий анъаналарини ўзида мужассамлаштиради.

Зеро, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади. Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этади.

Тадбир давомида ходимлар томонидан Ватанни мадҳ этувчи шеърий чиқишлари даврага ўзгача файз бағишлади.