Ҳар бир халқнинг шоирлари, ёзувчилари ўша миллатнинг руҳини, ор-номуси ва ғурурини, унинг овозини ўзида намоён этади. Чинакам истеъдод эгаси бўлган ҳақиқий ижодкорнинг ҳар қандай шароитда - роҳат-фароғатли даврларда ҳам, машаққатли дамларда ҳам қўлига қалам олиши кўплар томонидан такрорланган.

Исажон Султон бу ҳақиқатни исботлаган унча кўп сонли бўлмаган адиблардан биридир. Унинг ижод йўли анчагина ўзига хос. Ёзувчи 90 йилларнинг бошларида мўъжазгина китобчаси - «Ойдинбулоқ» билан кўзга ташланиб, адабий давраларни ўзига қаратган. «Генетик», «Озод», “Боқий дарбадар”, “Пуштиранг махлуқча”, «Қисмат» каби асар ва ҳикоялари адабиёт ихлосмандларининг севимли асарларига айланиш билан бир қаторда чет тилларга таржима қилиниб, танловларда ғолиб бўлган. Унинг шу йили нашр қилинган  “Алишер Навоий” романи  ҳам қисқа муддатларда кўпчилик китобхонларнинг севимли китобига айланиб улгурди. Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Исажон Султонга Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвони берилди.

Таниқли ёзувчи Исажон Султон билан “Адиблар хиёбони”да давра суҳбати ташкил этилди. Ижодий учрашувда ижодкорнинг ҳаёт йўли ҳақидаги ҳикоялар, бадиий воқейликлар тингланди. Бадиий манзараларга бой бўлган учрашувда ёзувчи “Адиблар хиёбони”дан ўрин олган ўзбек адабиёти ёрқин вакилларининг ҳаёти ва ижоди хусусида сўз юритиб, ўзбек тили ривожига улкан ҳисса қўшган мутафаккирларнинг фидокорона меҳнатларини алоҳида эътироф этди. Қизғин суҳбат давомида ходимлар улкан таассуротларга эга бўлиб қайтдилар.