Ўзбекистон миллий метрология институти жамоаси орасида кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдек эзгу фазилат доимо амал қилиб келади.
Хабарингиз борки ҳукуматимиз томонидан белгиланган «Кексалар ҳафталиги» ўтказилмоқда. Ушбу ҳафтада Ўзбекистон миллий метрология институти жамоасининг фахрий устозларидан бири – Климушин Геннадий Эдуардович ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
Климушин Геннадий Эдуардович 1951 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1974 йилда Тошкент темир йўл транспорти инженерлари институтининг «Тепловозлар ва тепловозлар хўжалиги» мутахассислиги бўйича имтиёзли диплом билан тамомлаган.
Устозимиз 1970 йилдан бошлаб стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимида техник ходим лавозимидан бўлим бошлиғи лавозимигача фаолият юритиб келмоқдалар.
Геннадий Климушиннинг меҳнат ютуқлари кўплаб медаллар ва фахрий ёрлиқлар билан эътироф қилинган: ўз вақтида Иттифоқ Давлат стандартлаштириш қўмитасининг «Стандартлаштиришдаги хизматлари учун», Ўздавстандартнинг «Ўздавстандарт аълочиси», Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича давлатлараро кенгашдаги хизматлари учун нишони, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича давлатлараро кенгаш фахрийси ва ҳоказолар.
Фахрли устозимиз бугунги кунда стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш тизимидаги етакчиларнинг ярмини профессионал маҳорат чўққисига олиб чиққан ҳақиқий устоз ҳисобланади. У – соҳада юқори даражадаги мутахассис бўлиб, “«Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаш тўғрисида»ги, «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларини ишлаб чиққан ва яна соҳага доир бир қатор Қонунлар жорий этилишида иштирок этган қатнашган.
Шунингдек, 10 дан ортиқ Давлатлараро стандартлар, 10 дан ортиқ регламентлар, 100 дан ортиқ Давлат стандартлари ва кўплаб ташкилот стандартларини жорий қилган.
Геннадий Климушин шунча иш тажрибасига эга эканлигига қарамай соҳани чуқур ўрганиш ва ўз устида ишлашга алоҳида эътибор бериб келаётган тажрибали устоз мураббийлардан биридир.
Ҳозирда унинг 100 нафардан ортиқ шогирдлари мамлакатимизнинг иқтисодиётида муҳим ўринга эга йирик ишлаб чиқарувчи корхоналарда ва давлат бошқаруви органларида турли лавозимларда фаолият олиб бормоқдалар. Биргина агентлик тизимининг ўзида унинг қўл остида камол топган 10 нафардан зиёд раҳбар ходимлар ва 50 дан ортиқ мутахассислар фаолият юритиб келмоқдалар.
Устозимиз Метрология, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш давлатлараро Кенгашининг (МГС) фахрий аъзоси ҳисобланади.
Устозимиз иш фаолияти давомида ўзининг ишчанлиги, шижоатлилиги, ташаббускорлиги, зиммасига юклатилган вазифаларга сидқидилдан ёндошиши ва ёш ходимларига бўлган муносабати билан кенг жамоанинг катта ҳурмати ва эътиборига сазовор ҳамда шу ишларда ўрнак бўлиб келмоқда.