Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ҳузурида бўлиб ўтган йиғилиш қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ҳар ҳафтанинг жума куни бугунги куннинг энг муҳим ва долзарб мавзуларига бағишланган онлайн сиёсий-маърифат ўқув соати ўтказиш ва ушбу ўқув соатларини Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг ёутубе канали орқали кузатиб бориш йўлга қўйилди.
Ушбу ўқув Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан ташкил этилаётган бўлиб, у вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, барча туман, шаҳар ҳокимликлари раҳбар ва масъул ходимларига мўлжалланган.
Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги тизим раҳбар ва масъул ходимлари ушбу сиёсий-маърифат соатини мунтазам кузатиб бориб, ушбу йўналишда ўз билимларини оширмоқдалар. Бугунги ўқув соатининг биринчи мавзуси 1 октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган бўлиб, таниқли олим, филология фанлари номзоди Жуманиёзов Раҳимбой Маткаримовичнинг «Устоз ота каби улуғ» мавзусидаги табрик ва маърузалари тингланди. Олим Ренесанслар ҳақида фикр юритиб, Учинчи Ренесанс пойдеворининг асосчиси Давлатимиз раҳбари бўлса, унинг бунёдкорлари ёшлардир деб, ёшларнинг ушбу масъулиятли вазифани бажаришларининг ташкилотчилари азиз Устозлардир деб алоҳида таъкидлади.
Тошкент давлат юридик университети, юридик фанлари доктори Нарзуллаев Олим Холмаматович ўзининг «Сайловолди ташвиқоти» номли маърузасида октябрь ойида республикамизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентилигига сайловлар, унинг ўтказилиши, сайловолди тарғибот ташвиқот ишлари, сайловда сайловчиларнинг иштирок этиш қоидалари ҳақида тушунчалар берди.
Сиёсий-маърифат соатининг долзарб мавзуларидан бири «Ҳуқуқий саводхонлик» бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси Ражабоев Дилмурод Кулдаш ўғли ҳафта давомида қабул қилинган долзарб норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берди.