Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигида 1 октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан Ўзбекистон Қаҳрамони, академик Шавкат Аюпов билан учрашув ташкил этилди.
Мустақиллик байрамининг 30 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан Фанлар академиясининг Математика институти директори Аюпов Шавкат Абдуллаевичга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони берилиб, олий нишон – «Олтин юлдуз» медали топширилган эди. Ш.Аюпов физика-математика фанлари доктори, академик, Бутун жаҳон фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, таниқли давлат ва жамоат арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Маърифий учрашувда Агентлик ва тизим-ташкилотларининг фаол ёшлари Ўзбекистон Қаҳрамонининг ибратли ҳаёт йўли ва юртимизда бўлаётган илм-фан йўналишидаги улкан ислоҳотлардан хабардор бўлдилар. Шунингдек, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган туб ислоҳотлар жараёнидаги ташаббускорлик, давлат ва халқ манфаатлари йўлидаги фидокорона меҳнат, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маънавий соҳалардаги кўп йиллик самарали ва ибратли фаолият Президентимиз томонидан муносиб тақдирлангани алоҳида таъкидланди.
Учрашувда олим ўзининг ибратли ҳаёт йўли ҳақида ёшларга гапириб, илмий ихтиролар, уларнинг илм фан ривожидаги аҳамияти, Ўзбекистон олимларининг халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ҳақида мисоллар билан ёшларни таништирди.
Маърифий тадбир сўнггида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олдилар.