Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш Агентлигида давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ёшлар Парламенти аъзоси, Республика Ёшлар Парламенти раиси Собитов Отабекхўжа китоб ҳақида гапирар экан, китобда Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессансни қуриш бўйича қилинаётган ишлар ва миллий тараққиёт истиқболлари ҳақида фикр юритилганлигини қайд этди. Маърузачи китоб ҳақида гапираркан, ўз сўзини машҳур юнон файласуфи Суқротнинг “Ўзгаларни ўзгартирмоқчи бўлган инсон, аввало, ўзини ўзгартириши лозим. Бунинг учун эса, аниқ мақсад, толмас ирода ва доимий изланиш керак” деган сўзлари неча минг йил олдин айтилган бўлса-да, аммо ҳозирга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги, бугун биз Президентимиз бошчилигида Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини яратиш, янги демократик жамиятни барпо этишдек улуғ мақсад ортидан йўлга чиқаётган эканмиз, демакки, бунга эришиш учун олдимизда аниқ режалар бўлмоғи лозимлигини алоҳида таъкидлади. Юртимизда “Ҳаммаси халқ учун” ғояси остида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бугун ҳар бир фуқаро ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни ҳис этаётганлигини таъкидлар экан, давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида кейинги 5 йилда амалга ошириладиган стратегик йўл аниқ ва равшан баён этилганлигини қайд этди.
О.Собитов ҳозирги кунда ёшларимиз халқимизнинг асосий таянчи ва суянчи бўлиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни самарали амалга оширишда ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётганини таъкидлаб, ўз ўрнида, ёшларни ҳар тарафлама баркамол бўлиб етишишлари учун барча шароитлари яратилганлигини эътироф этди. Жумладан, биргина мисол сифатида келтиришимиз мумкин, мамлакатимизда ёшларнинг илм олишига бўлган эътибор сўнгги 5 йилликда юқори чўққига етди. Юртимизда олий таълим муассасалари сонининг 77 тадан 141 тага етказилиши, 26 та хорижий олийгоҳларнинг филиаллари очилиши, олий таълимга қамров 9 фоиздан 28 фоизга кўтарилиши биз ёшлар учун улкан имконият ҳисобланади. Ушбу масалалар ҳам китобда батафсил ёритилганини гапирди.
Бинобарин, “Томирларида буюк боболарининг қони оқаётган ёшларимиз улуғ аждодларимизнинг муносиб ворислари бўлиши, улар каби улкан мақсадлар сари интилиб яшаши ва юксак марраларга эришиши учун барча шарт-шароитларни яратишимиз зарур”, деб ёзади Президентимиз ўз асарида.
Тадбирда кутилаётган сайлов жараёнлари янги миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга амал қилинган ҳолда демократик тамойиллар асосида ва бутунлай янгича муҳитда ўтишини алоҳида тўхталиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридаги 10 та устувор йўналиш бўйича белгиланган вазифаларга алоҳида тўхталди. Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан тегишли режалар белгиланганлигини айтиб ўтилди.
Маълумот ўрнида, Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон Стратегияси» номли китоби муқаддима, 7 бўлим ва хотимадан иборат. Бўлимлар қуйидагича номланган: «Янги Ўзбекистон стратегияси»; «Халқпарвар давлат»; «Миллий иқтисодиётни ривожлантириш»; «Адолатли ижтимоий сиёсат»; «Маънавий тараққиёт»; «Хавфсизлик ва ташқи сиёсат»; «Ўзбекистон ва умумбашарий муаммолар».