Техник жиҳатдан тартибга агентлиги Маънавият ва маърифат кенгашининг навбатдаги мажлиси ўтказилди. Унда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ижросини таъминлаш, кийиниш маданияти масалаларига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Мажлис Бош директор раислигида агентликнинг тизим ташкилотлари ва ҳудудий филиаллари раҳбарлари иштирокида ўтказилди.
Сўзга чиққанлар томонидан жорий йилнинг октябрь ойида давлатимизда муҳим сиёсий жараён – Президент сайлови бўлиб ўтиши, ана шу сайловолди жараёнларда ҳар бир сайловчи овоз бераётган номзоди ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлиши, сайловда қатнашиш тартибини билиши ва оила аъзоларига буни етказиши, сайлов жараёнларига масъулият билан ёндашиши лозим эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Давра суҳбатида кун тартибидан ўрин олган яқинлашиб келаётган 1 октябрь – ўқитувчи ва мураббийлар куни, 21 октябрь – ўзбек тили байрамини кенг нишонлаш бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди. Байрам муносабати билан агентлик ва унинг тизим ташкилотларида кўп йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, ҳозирги кунда қарилик гаштини сураётган фахрийлар билан учрашувлар, устозлар ўғитларидан баҳраманд бўлиш, “устоз-шогирд” тизимини янада ривожлантириш мақсадида “Уч авлод учрашувлари”ни ўтказиш, буюк алломаларимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб бунёд этилган муқаддас қадамжоларга экскурсиялар уюштириш бўйича келишиб олинди.
Шу билан бирга, “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” шиори остида ўзбек тилини тараннум этувчи турли челленжлар ташкил қилиш, ўзбек тили бўйича мутахассис ва олимлар билан учрашиш, шеърхонлик ва китоблик кечаларини ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди. Байрам арафасида ҳар бир масъул ўз ҳудудидаги барча ёзувларнинг давлат тилида эканлигига алоҳида эътибор қаратиши зарурлиги қайд этилди.
Мажлисда ходимларнинг китобхонлик маданиятини янада ошириш мақсадида тизим ташкилотлари, ҳудудий филиалларда идоравий кутубхоналар фондини бойитиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу мақсадда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонанинг вилоятлардаги филиаллари билан ҳамкорликни ўрнатиш, мунтазам равишда ходимларга янги олинган китоблар билан танишиш имкониятини яратиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, Бош директор томонидан барча ҳудудий филиаллар раҳбарларига Республика Маънавият ва маърифат марказининг ҳудудий бошқармалари билан яқиндан ҳамкорликни ўрнатиш, биргаликда тадбирлар ўтказиш вазифаси ҳам топширилди. Шунингдек, ходимларнинг кийиниш маданияти ҳақида сўз юритилиб, ҳар бир ходим давлат хизматчиси деган номга мос равишда кийиниши, ўзини тутиши, фаолияти юритиши зарурлиги таъкидланди.
Наибахон Мамадалиева
Бош директор маслаҳатчиси,
фил.ф.д., профессор