Ўзбекистон Стандартлар институтида Республикамиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан “Мустақиллик – буюк неъмат” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ушбу маънавий-маърифий тадбирда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти тарғиботчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова ҳамда Стандартлар институт раҳбарияти ва ходимлари иштирок этдилар.
Тадбир меҳмони Ж.Шермуҳаммедова ўз нутқида Ватанимиз мустақиллигининг шонли 30 йиллик байрами арафасида юртимизда олиб борилаётган кенг миқёсдаги ислоҳотлар, ҳар бир соҳада қўлга киритилаётган муваффақиятлар ва ечимини топаётган муаммолар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, бугун жамиятимизда аёл, унинг жамиятдаги ўрни, шахсий ҳаёти, фаоллиги, уларга яратиб берилаётган имкониятлар борасида сўз борди.
Тараққиёт ва юксак ривожланишга эришган давлатлар тажрибасига кўра, ҳар бир халқ ўз олдига улуғ ва истиқбол мақсадларни қўйиши ҳамда уни амалга ошириш салоҳияти билан жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллайди. Қайсики миллат эзгу амаллар, билим ва маърифат билан қуролланган бўлса, ана шу миллатнинг келажаги порлоқ ва ёруғ бўлажаги таъкидлаб ўтилди.
Тадбир иштирокчилари бўлган ташкилотнинг ишчи-ходимлари, мутахассислари ва хотин-қизларида тарғиботчи Жамила опанинг ҳис-ҳаяжонга тўла, юқори савиядаги мотивацион чиқишлари катта таъсурот қолдирди.