Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Департаментнинг Навоий вилоят ҳудудий инспекторлари томонидан Навбаҳор туманидаги “Ёш куч” маҳалласида капитал реконструкция қилинаётган 120 ўринли мактабгача таълим масканида ишлатилаётган қурилиш маҳсулотларининг сифат кўрсатгичлари ўрганилди.

Ўрганиш жараёнида мазкур қурилиш ишлари билан «Айгерин-Алмагул» корхонаси шуғғулланаётгани маълум бўлди. Бу ерга келтирилган 3 тонна цемент маҳсулотининг саклашдаги талаблари бузилгани аниқланди. Қурилиш маҳсулоти ҳисобланган цемент очик ҳавода, ва ерда сақланмокда. Бундан ташқари мавжуд 7500 дона ғишт маҳсулотининг сифатини тасдиқловчи гувоҳномаси сўралганда масъуллар томонидан такдим этилмади.

Корхонада қўлланилаётган ўлчаш воситалари ўз вақтида қиёсловдан ўтмаган. Корхонада сақланаётган қурилиш маҳсулотларининг сақлаш бўйича меъёрий ҳужжатлари мавжуд эмас.

Бир турдаги цемент маҳсулотининг қоплари тамғасида “Qizilqumsement” АЖ томонидан ишлаб чиқарилганлиги кўрсатилган. Корхонадаги ЦЕМ II/А –К (П-И) 32,5 Н маркали цемент маҳсулотидан намуна синов лабораториясига топширилди.

Ўрганиш вақтида цемент маҳсулоти ва бошқа қурилиш маҳсулотларини сақлашга доир меъёрий ҳужжатлар талабларини ўрганиб чиқиш ва ўлчаш воситаларини ўз вақтида қиёслашдан ўтказиш бўйича мутасаддиларга тушунтиришлар берилди.