Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги расмий сайтида стандартлаштириш, метрология ва сертифкатлаштириш соҳаси атамаларининг изоҳли луғати бериб борилмоқда. 
Стандартлаштириш бўйича халқаро  ташкилотлар ISO ва IEC таърифига мувофиқ, Ўзбекистон давлат стандарти (O‘z DSt ISO/IEC 2:2007) сифатида қабул қилинган стандартлаштириш “...муайян соҳада тартибга солишнинг мақбул даражасига эришишга қаратилган фаолият”дир. Ушбу  мазмунда “муайян соҳалар” бўлиб стандартлаштириш тизимининг ўзи ҳам, шунингдек, конструкторлик ҳужжатлари, маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш, мувофиқликни баҳолаш, техник-иқтисодий ва ижтимоий ахборотларни таснифлаш ва кодлаш, ўлчовлар ягоналигини таьминлаш, путур етказмайдиган назорат, маҳсулотни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга қўйиш, аккредитлаш, техник жиҳатдан тартибга солиш, маҳсулотни синаш, сифат, хизматлар, атроф-муҳит муҳофазаси, фавқулодда вазиятларда хавфсизлик, техниканинг пухталиги каби  стандартлаштиришга таянадиган бошқа тизимлар ҳам хизмат қилади.  
Стандартлар негизида шакллантирилган ва ишлаётган  санаб ўтилган барча тизимлар умумий  “тармоқлараро стандартлаштириш тизимлари” номи билан бирлашади. Ўзбекистонда шакллантирилган тизимларга “Ўз” аббревиатураси қўшилади. Масалан, Ўзбекистон стандартлаштириш  тизими (Ўз СТ), Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш давлат тизими (Ўз ТЖТСДТ), Ўзбекистон сифат тизими (ЎзСТ) ва б. Ўз навбатида, Ўзбекистон тармоқлараро стандартлаштириш тизимлари  Ўз ТСТ шаклида белгиланади. 
Сайтда эълон қилинадиган изоҳли луғатга Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида,  ИСО/МЭК халқаро стандартлари ва Бутун жаҳон савдо ташкилотининг (БСТ) ҳужжатлари ва Ўз ТСТ атамашунослик стандартларида   ўз аксини топган асосий атама, тушунча ва таьрифлар киритилган.  Луғатда атама ва тушунчалар таьрифларининг барча вариантлари келтирилган. Масалан, “хавфсизлик” атамасининг Ўзбекистон Республикасининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонунида келтирилган таьрифи халқаро ISO/IEC 2  стандарти таьрифи таҳриридан фарқ қилади. «Стандарт» атамасининг ISO/IEC 2 ва БСТнинг “Савдодаги техник тўсиқлар тўғрисида келишув”ларидаги таьрифлари ҳам бир хил эмас.  “Стандартлаштириш бўйича меъёрий ҳужжат” тушунчаси “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун билан киритилган,  ISO/IEC да эса фақат меъёрий ҳужжат атамаси мавжуд. 
Луғатда тушунчалар уларнинг таьрифлари билан берилган. Шунингдек, 3) ўзаро боғлиқ соҳалардаги атама ва тушунчалар (масалан,  иқтисодиёт, вектор,  математик  моделлаштириш, прогноз, техника, функция, самарадорлик в.ҳ.) ҳам келтирилган.
 Эслатма. «Атама» – нарса ва ҳодисалар муҳим хусусиятларининг акс этиши. «Тушунча» – нарса ҳақида мантиқий расмийлаштирилган умумий фикр. Масалан, стандартлаштириш – атама, хизмат кўрсатиш соҳасида стандартлаштириш - тушунча; стандарт – атама, умумий техник талаблар стандартлари – тушунча; норматив ҳужжат – атама, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжат – тушунча.
Изоҳли луғатни тайёрлашда М.Алимов ва бошқалар муаллифлигида нашр қилинган “Стандартлаштириш соҳасида халқаро атамалар билан уйғунлаштирилган давлат тилидаги атама ва тушунчаларнинг изоҳли луғати”, А.Абдувалиев ва бошқа олимлар томонидан тайёрланган “Русча-ўзбекча изоҳли метрологик луғат” материалларидан фойдаланилади. 
Бугунги кунда Агентлик ҳузуридаги стандартлар институтида ушбу луғатларни қайта ишлаб, бойитилган вариантини нашр қилиш устида ишлар олиб борилмоқда.


Ноибахон Мамадалиева
Бош директор маслаҳатчиси