Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган учрашувда Ўзбекистон аккредитация маркази масъуллари иштирокида Мувофиқликни баҳолашдаги ижобий ўзгаришлари юзасидан маълумот берилди.
Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон аккредитация маркази томонидан Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ҳамкорлиги ва Халқаро аккредитация форуми ташкилотлари аъзолигига эришилган. Ҳозирги кунда Марказ ILAC мухбир аъзоси, IAFнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.
Аммо бу ташкилотларга кириш ва уларнинг услубий талабларини бажаришдан ташқари, кўп томонлама тан олиш Битимларини имзолаш муҳим ҳисобланади. Ушбу ташкилотлар доирасида иккита алоҳида халқаро Битимлар мавжуд, уларни имзолаш орқали барча миллий аккредитация идоралари, Битим иштирокчилари бўлган давлатлар бир-бирларининг аккредитация ва мувофиқликни баҳолаш натижаларини тан оладилар.
Бугунги кунда аккредитациядан ўтган жами республикада 243 та синов ва 8 та калибрлаш лабораториялари, 14 та менежмент тизимларини сертификатлаштириш органлари, 69 та маҳсулотларни сертификатлаштириш органлари, 15 та инспекция идоралари фаолият олиб боради.
2021 йилнинг биринчи ярмида Марказ томонидан, хорижий эспертларни жалб қилган ҳолда ташкиллаштирилган ўқув семинарларида республикамизда фаолият кўрсатаётган лабораторияларнинг 173 та ходимлари ўз малакаларини оширгани айтиб ўтилди.
Шунингдек, учрашув давомида Туркия Республикаси Ҳалол Аккредитация агентлиги, Польша аккредитация маркази билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан халқаро шартномалар имзолангани айтилди.
Бундан ташқари Аккредитация хизматларини кўрсатишда мижоз билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш ҳолатларини янада қисқартириш, хизматларни Бизнес жараёнларини реинжинирингига (BPR) ўтказиш йўли билан янада оптималлаштириш бўйича “E-accreditation” миллий ахборот-дастурий таъминотини амалиётга жорий этиш ишлари якунланмоқда ва сентябр ойида ушбу тизим ишга туширилади. Натижада, аккредитация жараёнларини амалга оширилишида очиқликни таъминлаш, аккредитация бўйича буюртмаларни “онлайн” қабул қилиш, хизматлар нархини ҳисоблашда холислик ва очиқликни таъминлаш имконияти яратилгани таъкидлаб ўтилди.
Матбуот анжумани сўнггида журналистларнинг саволларига жавоб берилди.