Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и

Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида
 

Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида таркибий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, соҳани халқаро андозаларга мослаштириш, стандартлардан кенг фойдаланиш муҳитини яратиш, мувофиқликни баҳолаш жараёнларига замонавий услубларни жорий қилиш мақсадида:

1. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (кейинги ўринларда – Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги) ташкил этилсин.

2. Белгилансинки, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги:

техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология соҳаларида давлат сиёсатини амалга оширувчи республика давлат бошқаруви органи ҳисобланади;

ўз ваколатлари доирасида умуммажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақли.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

санитария-эпидемиологик хулосаси мажбурий тартибда олиниши лозим бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан мувофиқлик сертификатини олиш ихтиёрий равишда амалга оширилади. Бунда, ушбу маҳсулотларни тайёрловчилар (ишлаб чиқарувчилар), етказиб берувчилар ва сотувчилар уларнинг техник регламентлар ва стандартлар билан белгиланган мажбурий талабларга мувофиқлигини таъминлаш учун жавобгар ҳисобланади;

2021 йил 1 сентябрдан айрим турдаги хавфлилик даражаси юқори бўлмаган маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш мувофиқликни декларациялаш йўли билан амалга оширилади. Бунда, мувофиқликни декларациялаш техник регламент талаблари асосида маҳсулотнинг тўлиқ синовлари ўтказилгандан сўнг ижобий синов натижаларига кўра тузиладиган синов баённомалари асосида мувофиқлик сертификати берилмаган ҳолда амалга оширилади;

халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитация қилинган Ўзбекистон Республикаси резидентлари – мувофиқликни баҳолаш органларига миллий аккредитациядан ўтмаган ҳолда, аккредитация доираси ҳақида “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДКни хабардор қилиб, мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажаришга рухсат берилади. Бунда, расмийлаштирилган мувофиқликни баҳолаш ҳужжатларида ILAC/IAF ташкилотларининг тан олиш белгилари кўрсатилиши ва ушбу ҳужжатлар уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан таъминланиши шарт.

4. Белгилансинки, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб импорт қилувчиларга қулайлик яратиш ҳамда ички бозорга сифатли ва хавфсиз маҳсулотларнинг кириб келишини таъминлаш мақсадида:

а) хавфлилик даражаси юқори бўлган айрим турдаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказгандан сўнг республика ҳудудига эркин муомалага чиқариш (жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меъёрлар доирасида олиб келинган маҳсулотлар бундан мустасно) тартиби жорий этилади. Бунда:

республика ҳудудига олиб кирилаётган шу турдаги маҳсулотларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ушбу маҳсулотлар божхона ҳудудига келишидан камида 15 кун олдин божхона электрон дастурига жойлаштирилиши шарт;

маҳсулотларни “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига ўтказиш давлат божхона хизмати органлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг резиденти ҳисобланган аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан расмийлаштирилган тегишли мувофиқликни тасдиқловчи ҳужжатлар асосида амалга оширилади;

б) хавфлилик даражаси юқори бўлмаган айрим турдаги маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасининг резиденти ҳисобланган аккредитация қилинган мувофиқликни баҳолаш органларида мувофиқлик сертификатини (амал қилиш муддатидан қатъи назар) бир марта расмийлаштирган ҳолда йигирма тўрт ой давомида импорт қилишга рухсат этилади. Бунда:

мазкур тартиб мувофиқлик сертификатида кўрсатилган айнан бир ишлаб чиқарувчининг маҳсулот турларига нисбатан амал қилади;

импорт қилувчининг маҳсулотлар мувофиқлиги тўғрисидаги декларацияси давлат божхона хизмати органлари томонидан маҳсулотни “эркин муомалага чиқариш” божхона режимига ўтказиш учун асос бўлади;

мазкур соддалаштирилган тартибда олиб кириладиган товарларнинг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш учун ушбу товарларни олиб кираётган тадбиркорлик субъектлари жавобгар ҳисобланади;

в) республикага олиб келинадиган маҳсулотларнинг техник регламентлар, стандартлар ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган талабларга мувофиқлиги устидан назорат Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки унинг тузилмасидаги ваколатли ташкилот томонидан хавф-хатарлар таҳлили асосида амалга оширилади;

г) техник регламентлар, стандартлар ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар рўйхатини юритиш Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ёки унинг тузилмасидаги ваколатли ташкилот томонидан амалга оширилади. Бунда, рўйхатга киритилган маҳсулотларни, рўйхатга олинган кундан бошлаб 6 ой муддатгача рўйхатдан чиқариш, номувофиқ деб топилган тегишли маҳсулотни ишлаб чиқарувчи (унинг расмий вакили) томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, эркин муомалага чиқариш тақиқланади.

5. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг:

ташкилот стандартлари тоифасига кирувчи стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишни бекор қилиш;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари томонидан ташкилот стандартларини экспертизадан ўтказиш ишларини ҳақ олмасдан амалга ошириш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

Бунда, ташкилот стандартларида белгиланадиган кўрсаткичлар (талаблар) Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган тегишли маҳсулотларга оид стандартлар талабларидан паст бўлган ҳолларда, ушбу ташкилот стандартларига асосан маҳсулот мувофиқлигини тасдиқлашга йўл қўйилмайди.

6. Белгилаб қўйилсинки, маҳаллий мувофиқликни баҳолаш органларида маҳсулотнинг хорижий давлатларнинг стандартларига мувофиқлигини баҳолаш учун хорижий давлатлар стандартларининг Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилиши талаб қилинмайди.

7. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 2021 йил 1 июлга қадар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни қабул қилиш тартибини халқаро талаблар асосида соддалаштириш бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Янги қабул қилинаётган халқаро стандартларни ва техник регламентларни жорий этиш, қўллаш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш талабларига риоя этилмаган ҳолатлар юзасидан киритилган тақдимномалар корхона ва тармоқ раҳбарларининг ойлик, чораклик ва йиллик рағбатлантириш мезонларини шакллантиришда инобатга олинсин.

9. Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан биргаликда икки ой муддатда корхоналарни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан қамраб олиш даражасини 2021 йилда 20 фоизга ва 2022 йилда 40 фоизга етказиш бўйича чора-тадбирларни тасдиқласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 августдаги ПФ–6042-сон Фармони билан тасдиқланган Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Ташқи савдо, инвестициялар, маҳаллий саноатни ривожлантириш ва техник жиҳатдан тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда – Ҳукумат комиссияси) этиб қайта номлансин.

Белгилансинки, Ҳукумат комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат органлари ва ташкилотлари, юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

11. Ҳукумат комиссиясига ташқи савдони техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида қуйидаги вазифалар юклатилсин:

халқаро стандартларни ва техник регламентларни жорий этиш, қўллаш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш талабларига риоя этиш даражасидан келиб чиққан ҳолда, корхона ва тармоқ раҳбарларига нисбатан рағбатлантириш ёки интизомий чоралар кўриб бориш;

техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

хавфлилик даражаси юқори бўлган айрим турдаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини ҳамда бундай маҳсулотлар рўйхатини тасдиқлаш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш;

маҳаллий корхоналарнинг халқаро стандартларни харид қилиш ва жорий этиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш тартибини тасдиқлаш;

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва унинг ташкилий тузилмасига кирадиган идоравий мансуб ташкилотлар ходимлари учун қўшимча (меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган тўловларидан ташқари) тўловларни белгилаш.

Ҳукумат комиссияси йиғилишларида техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини янада ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар ижроси ҳар чоракда муҳокама этиб борилсин.

12. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаш ва метрология соҳаларида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун:

а) маҳсулотларга нисбатан қонунчилик ҳужжатларида ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларга ишлаб чиқарувчи ёки олиб кирувчи томонидан риоя этилмаган ҳолларда юридик шахсларга:

ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан сўнг биринчи марта содир этилганда – реализация қилинган маҳсулот қийматининг 50 фоизигача миқдорда молиявий жарима;

ушбу ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир йил давомида такроран содир этилганда – реализация қилинган маҳсулот қийматининг 100 фоизигача миқдорда молиявий жарима;

б) қонунчилик ҳужжатлари, техник регламентлар, стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларнинг мажбурий талаблари, метрология, сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қоидалари бузилган ҳолларда мансабдор шахсларга:

ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан сўнг биринчи марта содир этилганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 бараваригача миқдорда маъмурий жарима;

шундай ҳуқуқбузарлик учун маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилганда – базавий ҳисоблаш миқдорининг 80 бараваригача миқдорда маъмурий жарима кўринишидаги таъсир чоралари белгилансин.

Бунда, қонунчилик ҳужжатлари ва техник регламентларда белгиланган мажбурий талабларга номувофиқ деб топилган маҳсулотлар эркин муомаладан чиқарилиши ва йўқ қилиниши лозим. Молиявий жариманинг тўланиши мазкур талабнинг бажарилишидан озод этмайди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Адлия вазирлиги ва Олий суд билан биргаликда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва бошқа қонунларга мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш бўйича қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

13. 2021 йилда сифат миллий инфратузилмасини ривожлантириш бўйича “йўл харитаси” 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

14. Қуйидагилар:

қурилиш вазири Б. Закиров зиммасига – қурилиш материаллари, қурилиш индустрияси, шу жумладан, лойиҳалаш ва конструкциялаш бўйича;

қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев зиммасига – қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаси бўйича;

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси А.Максудов зиммасига – табиий ресурслардан фойдаланишни тартибга солиш ҳамда атроф-муҳитни ифлосланишдан ва бошқа зарарли таъсирлардан муҳофаза қилиш бўйича;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Б.Гулямов зиммасига – ускуна ва буюмларнинг саноат ва фойдаланиш хавфсизлиги бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги мажбурий талабларнинг бажарилишини, маҳсулотлар хавфсизлигини ва мувофиқликни тасдиқлашни ташкил этиш ҳамда таъминлаш юклансин.

15. Қуйидагиларга:

инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосарлари А.Воитов, Л.Қудратов ва Б.Абидовга – техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини халқаро андозалар, шу жумладан, Жаҳон савдо ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Европа Иттифоқи ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги амалиёти асосида такомиллаштириш учун хорижий ҳамкорларни ва инвестицияларни жалб қилиш юзасидан;

Давлат божхона қўмитасининг раиси М.Азимовга – чегара божхона постларида назорат тартиботларини бажаришда санитария-эпидемиология, фитосанитария ва ветеринария назорати органлари фаолиятининг самарали ва оператив мувофиқлаштирилишини таъминлаш, маҳсулотларни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар олдиндан божхона электрон дастурига жойлаштирилмаган маҳсулотларни республика ҳудудига олиб кирилишига йўл қўймаслик юзасидан;

Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги бош директорига – техник жиҳатдан тартибга солиш тизими, шу жумладан, қонунчилик, техник регламентлар ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришда корхоналарга услубий ва амалий кўмак кўрсатиш юзасидан;

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Б.Юсупалиевга – мажбурий тартибда санитария-эпидемиологик хулосаси олиниши лозим бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари устидан самарали назоратни таъминлаш, хавфли озиқ-овқат маҳсулотларини эркин муомалага чиқаришнинг олдини олиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

17. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда:

бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини киритсин;

2021 йил 1 августга қадар хавфлилик даражаси юқори бўлган айрим турдаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, хавфлилик даражаси юқори бўлмаган айрим турдаги маҳсулотларни олиб киришда уларнинг мувофиқлигини баҳолаш, мувофиқликни декларациялаш, шунингдек, техник регламентлар ва стандартлар талабларига номувофиқ деб топилган маҳсулотлар рўйхатини юритиш, уларни эркин муомаладан чиқариш ва йўқ қилиш тартибларини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2021 йил якунига қадар барча тизим ташкилотларида ISO 37001 халқаро стандартига асосан, коррупцияга қарши менежмент тизимларини жорий этиш ва сертификатлашни таъминласин;

икки ой муддатда қонунчиликка мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.У. Умурзаков зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                    Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 2 июнь