«Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Стандартлар институтида қабул қилинаётган стандартлар бўйича атамалар луғатининг янги таҳририни нашр қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Унда тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида халқаро стандартларнинг ўзбек тилига таржима қилиб, давлат тилида истеъмолга киритилаётгани, стандартларни ўзбек тилига таржима қилишни рақамлаштириш, ушбу йўналишдаги ишларни тизимли равишда ташкил қилиш мақсадида стандартлар бўйича атамалар электрон платформасини яратиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Маърифий учрашув давомида институтда «Маънавият хонаси» ташкил этиб, соҳа олимлари, таниқли намояндалар, давлат арбоблари билан учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказиш, ҳар ойда бир марта «Маънавият соати»ни ташкил этиш, кутубхона фаолиятини бугунги кун талабларига мослаштириш юзасидан тавсиялар берилди. Институт биносидаги рус тилида ёзилган пештахталар, ёзувларни давлат тилига ўзгартириш кўрсатиб ўтилди.

Бундан ташқари, институт Илмий кенгаши фаолиятини янада жадаллаштириш, Кенгаш аъзолигига олимлар, тажрибали мутахассисларни ҳам жалб этиш, ўтказилаётган амалий, инновацион лойиҳалар танловларида фаол қатнашиш бўйича тавсиялар берилди. Хусусан, жамоада фаолият юритаётган ёшлар Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ёшлар ишлари Агентлиги томонидан ўтказиладиган турли илмий ва инновацион, стартап лойиҳалари танловларида фаол иштирок этишлари, Ёшлар академиясига аъзо бўлиб, академия томонидан ташкил қилинадиган танловларда қатнашишлари, илмий-тадқиқот ишлари билан шуғулланиш учун ўз йўналишлари бўйича жаҳон тажрибасини ўрганишлари ва таҳлили натижалари бўйича илмий мақолалар нашр қилишлари бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.