«Ўзстандарт» агентлиги масъул ходимлари Ўзбекистон миллий метрология институтининг Бекобод ва Олмалиқ филиалларида ўрганишлар олиб боришди. Бекобод филиалида давлат тилида иш юритиш, лотин ёзувидаги ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтиш, маънавий-маърифий тарғибот ва кутубхоналар ишларини юритилиши бўйича қатор ишлар амалга оширилганлиги, кутубхона ташкил этилган. Шу билан бирга, маънавият хонасини тўлиқ жиҳозлаш, ишларни янада самаралироқ амалга ошириш йўллари бўйича тавсиялар берилди.

Бекобод тумани филиалида «устоз-шогирд» тизимини амалга татбиқ қилиш мақсадида соҳа йўналишларидаги касб-ҳунар коллежи билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу ерда малакали метролог устозлар шогирдларига соҳа амалиётидаги сирларни ўргатиш билан бир қаторда касб одоби, соҳага доир атамалар қолаверса, инсоний фазилатлар ҳақида ҳам тушунчалар беришади. Албатта ўқув юртини битириб, эндигина амалиётга қадам қўйган ёш мутахассисларга устозлардан берилаётган бу дарсларнинг фойдали жиҳати кўп.

Олмалиқ филиалида мазкур йўналишда олиб борилган ишлар ўрганилганда маънавий – маърифий тарғибот ишларини кучайтириш, кутубхона фаолиятини янада яхшилаш кераклиги кўзга ташланди. Шунингдек, бу ерда ходимлар ишларини янада самаралироқ ташкил этиш ва ўзбек тили нуфузини оширишга ҳисса қўшиш учун лозим бўлганда тил ўргатиш курслари билан ҳамкорлик қилиш мақсадга мувофиқлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳар иккала филиалда барча ташқи ёзувлар, лавҳалар, эълонлар, реклама ва бошқа кўргазмали ахборот–реклама матнлари давлат тили тўғрисидаги Қонун ҳужжатларига мувофиқ. Лаборатория асбоб-ускуналаридаги рус тилида ёзилган аннотациялар жойида ўзбек тилига ўзгартирилди.