«Ўзстандарт» агентлиги ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Савдо ва тараққиёт бўйича конференция Котибияти ҳамкорлигида «Қуритилган меваларни халқаро сертификатлаш, уларнинг стандартлари ва сифати» мавзусидаги онлайн тренинг бўлиб ўтди.

Тренингда лойиҳа координатори, UNCTAD халқаро товар ва савдо бўйича эксперт Родриго Каркамо, қуритилган мева-сабзавотларнинг халқаро стандартлари, органик сертификатлаш талаблари, UNECE стандартлари бўйича (қуритилган узум мисолида) ҳамда қуритилган меваларда озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича эксперт Жасурбек Рустамов, Қуритиш усуллари ва сифат жиҳатлари бўйича эксперт Актам Азизов ҳамда Глобал Г.А.П – мева ва сабзавотлари модули бўйича мутахассис Ленур Эреджеповлар презентацион материаллари билан иштирокчиларга маълумот бердилар.

Ўтказилган семинарда 90 дан ортиқ ҳудудлардаги мева-сабзавот етиштирувчи фермер, деҳқон ва боғдорчилик хўжаликлари, экспортёр корхоналар ҳамда Маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси мутахассислари иштирок этди.

Йиғилиши якунида мавзуга оид савол ва таклифлар эшитилиб, мутахассислар томонидан атрофлича жавоб ва тавсиялар берилди. Семинар баҳс ва мунозаралар асосида қизиқарли тарзда якунланди.

Маҳсулотни экспорт қилишга кўмаклашиш бюроси