Илмий даврий нашрларнинг сифатини яхшилаш, уларни халқаро меъёрлар даражасига олиб чиқилиши,  илмий изланувчилар учун кенг имконият ва қулайликлар яратилишига, мамлакат  илмий салоҳиятининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Ҳозирги даврда илмий ноширлик ишларининг халқаро маълумотлар базаларида кўпайиши жаҳон бозорида жадал ривожланаётган соғлом рақобатни юзага келтиради.  

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6097-сонли «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонига биноан, маҳаллий журналларни Scopus, Web of Science каби умумеътироф этилган маълумотлар базаларига киритишга кўмаклашиш мақсадида, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий-техник ахборот маркази томонидан халқаро экспертлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Ушбу хорижий экспертлар иштирокидаги давра суҳбатида илмий даврий нашрларнинг сифатини яхшилаш ҳамда 2021-2023 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегиясига асосан маҳаллий олимларнинг илмий натижаларини илмий-техник ахборотнинг халқаро базаларида тарғиб қилиш, илмий журналларнинг таҳририятлари ва ходимлари учун тадбирлар ўтказиш, шунингдек,  ишлаб чиқилган «Йўл харитаси»га асосан белгилаб олинган вазифалар бўйича мунозара олиб борилди.

Давра суҳбатида хорижий экспертлардан  “Springer Nature” нашриёти  менежери Джеффрей Робенс, Springer Nature нашриётининг Стратегик ҳамкорлик бўйича менежери Элизабет Детисова Рингуэр, Россия илмий электрон кутубхонасининг “eLibrary.Ru” таҳлилий бўлими бошлиғи Павел Арефев, Clarivate компаниясининг Марказий Осиё минтақасидаги расмий вакили Лязиза Мукашева, John Wiley & Sons, России ва МДҲ давлатларининг ҳудудий расмий вакили Сергей Парамоновлар иштирок этдилар.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, республикадаги мавжуд илмий нашриёт ҳамда ОТМ, ИТМ масъул ходимлари қаторида, «Ўзстандарт» агентлигининг «Стандарт» журнали масъул вакиллари ҳам иштирок этдилар.