Ҳаммамизга маълумки, кундалик ҳаётда фойдаланилаётган ҳисоблагичлар юзасидан таъминотчи ва хонадон эгалари орасида баъзан саволлар ва мунозарали ҳолатларга дуч келинади. Аслини олганда бу савол ва мунозараларга ўрин йўқ. Негаки ҳукумат томонидан бу масалалар тегишли қарор асосида тартибга солинган.
Бу масалаларда сиз билишингиз керак бўлган муҳим маълумотлардан бири қиёслашдан ўтказилган ва фойдаланилаётган ҳисоблагичларни қиёслашлараро даврийлиги 2019 йил 1 ноябрдан жисмоний шахслар учун 8 йил, юридик шахслар учун эса 4 йил этиб белгиланган. Унутманг, ҳисоблагичларга 2019 йил 1 ноябрга қадар расмийлаштирилган қиёслаш сертификатларининг амал қилиш муддати ўз кучида қолади .
Эндиликда хонадон эгаси уйдаги ҳисоблагичларни ечиб олиш, қиёслашга тақдим этиш ва қайта ўз ўрнига ўрнатиш ташвишидан бутунлай озод қилинган. Барча ҳаракатлар уй эгасининг биргина мурожаати ва белгиланган тўлови асосида таъминотчи корхоналар (электр энергия бўйича — Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси, табиий газ бўйича — Ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари, сув бўйича — Ичимлик ва иссиқ сув таъминотчи корхоналар) ходимлари томонидан амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августда қабул қилинган 698-сон қарорига асосан электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сув ҳисоблагичларни ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, ушбу қарорда барча ҳисоблагичлар Ўзбекистон миллий метрология институти (ЎзММИ) томонидан қиёслашдан ўтказилиш белгиланган.
Ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш учун ечиб олиш ва қиёслаш ишлари якунлангандан сўнг жойига ўрнатиш ишлари фақатгина таъминотчи корхоналар томонидан истеъмолчи билан келишилган вақтда, унинг иштирокида тегишли далолатнома тузган ҳолда бажарилади.
Ҳозирда ЎзММИда мурожаатлар билан ишлаш учун metrologiya.nim.uz дастурий таъминоти яратилган ва дастурий таъминот Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилинган бўлиб, ушбу тизимидан мурожаатлар келиб тушмоқда. Қиёслаш учун ариза берган киши ўзиниг махсус ID рақами орқали метрологик хизмат кўрсатиш ишлари қайси ҳолатдалиги ёки хулосасини юклаб олиши мумкин.
Янги дастурий таъминот ёрдамида ҳисоблагичлар учун расмийлаштирилган гувоҳнома (сертификат) ёки хабарномалар электрон шаклда базада сақланган ҳолда расмийлаштирилмоқда.Бу эса ўз навбатида аҳоли учун қулайлик бўлиб расмийлаштирилган гувоҳнома (сертификат) ёки хабарномани сохталаштиришни олдини олиш, расмийлаштирилган ёки йўқолган гувоҳнома (сертификат) ёки хабарномани исталган вақтда интернет ёрдамида базадан юклаб олиш имкониятларини беради.
Ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказилгандан сўнг расмийлаштирилган электрон шаклдаги гувоҳнома (сертификат) ёки хабарнома аслига тўғрилигини текшириш ва ишонч ҳосил қилиш учун махсус QR-код тизими йўлга қўйилган. Махсус QR-коддан фойдаланиш учун истеъмолчи ўз телефони ёрдамида QR-кодни сканерласа кифоя.
Эслатиб ўтамиз, ҳисоблагич носоз ҳолатда бўлса уни таъмирлаш ёки янгисига алмаштириш, таъминотчи корхона зиммасига юклатилган. Бунда таъминотчи корхона ҳисоблагични таъмирлаш ёки янгисига алмаштиришни талаб қилишга ҳақлисиз.
Қарорга мувофиқ таъминотчи ҳисоблагични ечиб олгандан сўнг ўн беш иш кундан ортмаган вақт мобайнида барча ишларни якунлаб қайта ўрнатиши шарт.