Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлигида агентликнинг масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Идоравий норма ижодкорлиги соҳасидаги янгиликлар” мавзусида семинар ташкил этилди.
Анжуманда қайд этилганидек, вазирликлар, давлат қўмиталари
ва идораларнинг идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш
ва қўллаш, шунингдек уларни эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказиш бўйича ишини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Мазкур йўналишда вазирлик идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳуқуқий экспертизадан
ва давлат рўйхатидан ўтказади ҳамда уларнинг давлат реестрини юритади, шунингдек идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан доимий назоратни амалга оширади.
Бу борада янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг кучга кириши ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга киритганлик учун жавобгарлик чораларини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги вазирлик
ва идораларнинг идоравий норма ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятларини янада такомиллаштирилиши учун асос бўлиб хизмат қилди.
Шу билан бирга, идоравий норма ижодкорлиги фаолиятида тўпланган тажриба асосида ҳамда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2014 йил 28 февралдаги 53-мҳ-сонли буйруғи билан янги таҳрирда Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари тасдиқланди.
Ўтказилган семинарда иштирокчиларга идоравий норма ижодкорлиги соҳасидаги қонун ҳужжатларига киритилган асосий янгиликлар хусусида атрофлича маълумот берилди.
Анжуман давомида соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар
ва янгиликлар билан бир қаторда айрим вазирлик ва идоралар томонидан идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилишда қатор камчиликларга йўл қўйилаётганлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.
Ўзаро жонли мулоқот асосида ташкил этилган семинарда идоравий норма ижодкорлиги фаолиятига доир бошқа масалалар бўйича ҳам атрофлича фикр алмашилди.