Давлат идоралари ва ташкилотларида давлат тилида иш юритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Стандартлар институтида ҳам стандартлаштириш соҳасига янги атамаларни киритиш, уларни мукаммаллаштириш, бу борада соҳа ривожида долзарб бўлган зарурий ишларни амалга ошириш борасида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида стандартлаштириш соҳасида халқаро атамалар билан уйғунлашган янги сўзларни аниқлаш, уларни амалиётга киритиш масалаларида лингвист олимларнинг таклиф ва фикрларига таяниб иш кўриш, бу ишга тилшунос олимлар, малакали мутахассисларни жалб этиш масалалари муҳокама этилди.  

“Стандартлаштириш соҳасида халқаро атамалар билан уйғунлашган давлат тилидаги атама ва тушунчаларнинг изоҳли луғати”ни янгича таҳрирда чоп этилиши бўйича ўзаро фикрлашиб олинди, Мазкур луғатга Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида,   ИСО/МЭК халқаро стандартлари ва Бутунжаҳон савдо ташкилотининг ҳужжатларида ўз аксини топган асосий атама, тушунча ва таърифларни киритиш бўйича келгусида қилинадиган ишлар режалаштирилди.