Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг “Йил танлови”да “Ўзстандарт” агентлиги “Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг энг яқин ҳамкори” номинацияси ғолиби бўлди.
Маълумки, бугунги кунда бутун инсоният коронавирус пандемияси деган глобал офатни бошидан кечирмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юртимизда пандемия оқибатларини юмшатиш ва бартараф этиш учун давлат 82 триллион сўмлик комплекс чора-тадбирлар амалга оширди. Шунингдек, давлат корхоналарига ва 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ҳамда қарийб 8 миллион фуқарога 66 триллион сўмлик солиқ имтиёзлари, кредит муддатларини узайтириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ёрдамлар берилди.
”Ўзстандарт” агентлиги ҳам бу жараёнда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган миллий маҳсулотларимизнинг сифати ва рақобатбардошлигини таъминлаш, тадбиркорлар ва ишлаб чиқариш корхоналарини қўллаб-қувватлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари синовларини такомиллаштириш каби соҳаларда тўлақонли фаолият олиб бормоқда.
Хусусан, Стандартлаштириш соҳасида 2020 йилнинг ўтган даврида 5893 та янги халқаро талаблар асосида ишлаб чиқилган стандартлар қабул қилинди. Шу билан бирга тадбиркорларга қулайлик яратиш мақсадида, бозор иқтисодиёти механизмларига салбий таъсир кўрсатадиган ва маънан эскирган 5981 та стандартлар амалиётдан чиқарилди ва 3736 та стандартлар қайта кўриб чиқилди.
“Ўзстандарт” агентлиги томонидан маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида техник регламентларни ишлаб чиқиш ва уларни амалиётга жорий қилиш мақсадида 2020 йилда 4 та умумий ва 4 та махсус техник регламентлар қабул қилинди. Жами техник регламентлар сони 48 тани ташкил этмоқда.
Европа Стандартлаштириш Ташкилоти билан ҳамкорлик битими имзоланди. Натижада Европа стандартларидан тўғридан-тўғри фойдаланиш имконияти яратилди. Битим доирасида, Европа Стандартлаштириш Ташкилотидан 254 та Европа стандартлари олинди ва 600 та қўшимча стандартига ариза берилди.
Халқаро Электротехника Комиссиясининг “Шериклик плюс дастури” аъзолигига эришилиб, натижада электротехника соҳаларига оид 400 та бепул халқаро стандартлар олиш имкони яратилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 397 та Халқаро Электротехника Комиссиясининг стандартлари тақдим қилинди.
Индонезия давлатининг Миллий стандартлаштириш ташкилоти ва “Ўзстандарт” агентлиги ўртасида маҳсулотларнинг мувофиқлигини баҳолаш, стандартлаштириш, метрология ва техник жиҳатдан кўмаклашиш соҳаларида Битим имзоланди. ИСО халқаро ташкилотида Ўзбекистонда сифат тизимлари бўйича халқаро ИСО сертификатига эга бўлган корхоналар сони 56 тага оширилди.
Сайёра Шоева, Оқил Ғуломов(сурат), ЎзА