Ўзбекистон миллий аккредитация тизими халқаро даражада эътироф этилиб, Аккредитация маркази Халқаро аккредитация форуми (International Accreditation Forum – IAF/ИАФ) аъзоси мақомига эга бўлди.

Халқаро аккредитация форуми Бошқарув кенгашининг 2020 йил 8 декабрдаги қарори билан Ўзбекистон номидан Аккредитация маркази ушбу нуфузли халқаро ташкилот аъзолигига қабул қилинди.

Марказ ўз навбатида Миллий аккредитация тизимни ISO/IEC халқаро стандартлари талабларига ҳамда Халқаро аккредитация форуми (IAF) томонидан қабул қилинган тамойилларга асосланганлиги намойиш қилишга муваффақ бўлди.

Халқаро аккредитация форумига аъзолик натижасида, юртимизда мувофиқликни баҳолаш идораларини аккредитациядан ўтказувчи ваколатли идорани аккредитация идораси сифатида халқаро миқёсда қабул қилиниши, миллий аккредитация тизими халқаро стандартлар ва мезонларга мувофиқ шаклланганлиги, Халқаро аккредитация форуми IAF MLA имзоловчиси бўлиш учун дастлабки талабни бажарганлиги ҳамда халқаро миқёсдаги аккредитация соҳасидаги тадбирларида ва ихтисослашган техник қўмиталар фаолиятида иштирок этишини таъминлайди.

Шунингдек, савдодаги техник тўсиқларни бартараф қилишга қаратилган халқаро ҳамжиҳатликнинг мезонлари, тартиблари ва мувофиқликни баҳолаш натижаларини ўзаро тан олиниши масалалари юзасидан Ўзбекистон манфаатларини илгари суриш имкониятлар яратилди.

Халқаро стандартларга мувофиқ бўлган аккредитация фаолияти – ички ва ташқи бозор муносабатларининг ривожланишига, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини оширишга, истеъмол қилаётган маҳсулотларимизнинг хавфсиз ва юқори сифатли эканлигига ишонч қозонишда ва халқаро бозорда ўзбек бренди ўз ўрнини эгаллашида муҳим аҳамиятга эга.

Аккредитация маркази юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, мувофиқликни баҳолаш идоралари компетентлигини баҳолаш ишлари олиб бормоқда. Манфаатдор томонлар учун Марказ фаолияти, аккредитация жараёни ва мувофиқликни баҳолаш идоралари тўғрисидаги зарур ахборотни www.akkred.uz расмий веб сайти орқали эркин олиш имконияти яратилган.