Стандартлар институти томонидан олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш ва биргаликда илмий изланишларни олиб бориш ишларига эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда, Гулистон давлат университетида бўлиб ўтган учрашувда ҳам асосий эътибор Университет қошидаги Жаҳон банки ва Германия ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) грантлари асосида барпо этилган «Экспериментал биология» лабораторияси базасида полиз экинлари, асал, қизилмия, ковул, қуруқ мевалар сингари маҳсулотларга халқаро стандартлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда зарур бўлган илмий изланишлар ва таҳлилларни ўтказишга қаратилди.
Шунингдек, 2021 йилдан бошлаб, Сирдарё вилоятидаги саноат корхоналари ҳамда тадбиркорларга қулайлик яратиш, илм билан ишлаб чиқариш ўртасидаги узвийликни таъминлаш мақсадида университет базасида техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида мутахассисларнинг малакасини ошириш ва тадқиқот маркази платформасини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Бундан ташқари келишувга кўра озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, саноат маҳсулотлари, тупроқ, ўсимлик, генетик таҳлил ва ГМО йўналишлари бўйича ишлаб чиқариш эҳтиёжларидан келиб чиқиб изланишлар ва илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, халқаро стандартлар талаби бўйича давлат стандартларини ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга татбиқ қилиш мақсад қилиб олинди. Шу билан бирга грант лойиҳалари устида ишлар олиб борилади.