«Ўзстандарт» агентлиги тизимидаги “Uz Test” Маркази, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ҳамкорлигида ускуналарни харид қилиш юзасидан тендер жараёнлари амалга оширилиб, Марказ ва унинг ҳудудий филиалларидаги жами 8 та лабораториялар учун 9,5 млн. долларлик замонавий синов ускуналарини харид қилиш юзасидан Германиянинг “LMS Consult GMBH & CO. KG” компанияси билан келишув имзоланди.
Германиядан илк лаборатория ускуналари, мебеллар ҳамда махсус автотранспорт воситалари юртимизга олиб келинди.
Ҳозирда Тошкент шаҳаридаги лабораториясига махсус мебеллар тўлиқ ўрнатилди ҳамда Қашқадарё, Бухоро, Навоий ва Хоразм ҳудудий лабораторияларига ўрнатиш жараёнлари давом эттирилмоқда.
Лойиҳага асосан, “UzTest” Маркази қошидаги лабораторияларига 337 дона замонавий лаборатория ускуналари, ёрдамчи восита (кимёвий реактив, стандарт намуна)лар харид қилинади.
Бунинг натижасида, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро стандартлар талабларига мувофиқ сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини тўлиқ аниқлаш имконияти яратилади. Шунингдек, Бухоро ва Наманган филиаллари қошида янги йўналишда (ГМОни аниқлаш) лабораториялари ташкил этилади ҳамда синов лабораториялари томонидан расмийлаштирилаётган хулосалар халқаро даражада тан олинади.