«Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун қабул қилинганлигига 29 йил тўлди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган Давлат байроғи - мамлакат давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланиб, у ер юзида мустақил Ўзбекистон давлати борлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналаримизни мужассамлаштиради.
Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида юксакларда ҳилпираб туриши барчамизга ифтихор бахш этади.
Байроқ ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттиради. Дунёнинг қайси нуқтасида бўлмайлик, байроғимиз тимсолида Ўзбекистон деган ҳимоячимиз, суянчиғимиз борлигини ҳис қиламиз.