Бугунги кунда турмушда фойдаланиладиган ҳар қандай нарсанинг аниқ ўлчами, уларни ўлчайдиган асбоб–ускуналар мавжуд. Ўлчашларни тўғри амалга ошириш эса аниқ ҳисоб-китобларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Ўлчашлар ҳақиқий қийматини аниқлаш учун ўлчаш воситасининг ўзи аниқ ва тўғри қийматларни кўрсатиши лозим.

Ушбу жараёнларни мувофиқлаштирувчи, тўғри ва аниқ ўлчашни таъминловчи соҳа бу – метрологиядир. Гоҳида “Техника асри”, гоҳида “Тараққиёт асри” деб номланаётган ушбу кунларда барча амалга оширилаётган илмий лойиҳалар муваффақиятида метрологиянинг ўрни  беқиёс. Метрология ривожланишга таъсир этар экан, унинг ўзи ҳам ҳамоҳанг тарзда тараққий этиб бораверади.

Республикамизда метрология хизматларини кўрсатиш йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Айниқса сўнгги йилларда бизнинг мамлакатимизда ҳам метрология соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг 7-апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган “Метрология тўғрисида”ги (янги таҳрирда) Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган эди. Мазкур қонунинг 13-моддасида Ўзбекистон Республикасида ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатлар сифатида ўлчашларни бажариш, ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш, синов воситаларини метрологик аттестациядан ўтказиш ва ўлчаш воситаларини калибрлаш услубиётлари белгилаб қўйилган.

Куни кеча Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида метрология хизматлари кўрсатиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу жараёнларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Ҳукумат қарори билан ўлчаш воситаларини давлат синовларидан ўтказиш, ўлчаш воситаларини метрологик аттестациядан ўтказиш, ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш, синов воситаларини метрологик аттестациядан ўтказиш ва ўлчаш воситаларини калибрлашдан ўтказиш қоидалари тасдиқланди.

Ушбу қарорнинг қабул қилинишидан асосий мақсад Ўзбекистон Республикасида ўлчашларнинг ягона бирликда бўлиши ва тизимнинг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, метрология хизматлари кўрсатишда шаффофликни таъминлаш, ўлчаш ва синов воситаларининг тавсифларини баҳолаш жараёнларининг қонунийлиги, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудида уларни муомалага киритишда ҳам, фойдаланиш жараёнида ҳам, уларнинг давлат томонидан тартибга солинадиган соҳада белгиланган мақсади бўйича қўлланишга яроқлилигини тасдиқлаш тартибини жорий этиш ҳисобланади.

Қарор қабул қилиниши натижасида ўлчаш воситаларини давлат синовларидан, метрологик аттестациядан, қиёслашдан, калибрлашдан ҳамда синов воситаларинии метрологик аттестациядан ўтказиш бўйича умум-мажбурий талаблар белгиланиб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши, метрологик хизматларни кўрсатишда ягона тартиб кўрсатилди. Метрологик хизматлар кўрсатиш соҳасидаги муносабатлар ушбу қарорда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниб, метрологик хизматларни амалга оширилишининг шаффофлигини, шунингдек, метрология хизматлари органларининг масъулияти белгиланиши ва оширлишини таъминланди.

Шунингдек, давлат метрология хизмати органлари ва юридик шахслар метрология хизматларининг “Метрология тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ метрологик текширув ўтказиш бўйича берилган ваколатларига аниқлик киритилди, шунингдек, вақт сарфи ва харажатларига таъсир кўрсатувчи тўсиқлар бекор қилиниши орқали хизмат кўрсатиш муддатларини икки баробаргача қисқартиришга эришилиб, тақдим этиладиган ҳужжатлар сони икки ярим мартага камайтирилди ҳамда уларни электрон шаклда тақдим этишга имконияти яратилди. Яна бир муҳим жиҳат метрологик текширув натижалари расмийлаштириш бланкалари қалбакилаштирилишини олди олинадиган бўлди.

Бу ўз навбатида метрология соҳаси доирасида амалга оширилаётган жараёнларда ортиқча бюрократик тўсиқларнинг пайдо бўлишини олдини олиш билан бир қаторда мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг юқори сифатда бўлишини таъминлайди ҳамда уларнинг жаҳон бозорларида ўз ўрнини эгаллашга хизмат қилади.

 

Матбуот хизмати
99 729-44-63