Сўнгги йилларда мамлакатимизда янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш, ижтимоий объектларни қуриш бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида юртимизнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришга ёрдам беради.
Маълумки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ фан ва техника тараққиёти даражасига, шунингдек, аҳоли ва миллий иқтисодиёт эҳтиёжларига мос равишда маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, барча турдаги ресурсларни тежашга кўмаклашиш, ишлаб чиқаришнинг техник-иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш, шунингдек ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш стандартлаштириш мақсадларидан бири ҳисобланади.
«Ўзстандарт» агентлиги томонидан республикада амалда бўлган стандартларни янги қабул қилинган стандартларга алмаштириш орқали уйғунлаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Чунончи, жорий йилда республикада МДҲ давлатларининг Давлатлараро стандартлаштириш кенгаши доирасида қабул қилинган 3,9 мингдан ортиқ давлатлараро стандартлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 августдаги «Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4812-сон Қарорига мувофиқ, ички маҳсулотларнинг ташқи бозорларда рақобатбардошлигига тўсқинлик қиладиган эскирган нормаларни чиқариш мақсадида, «Ўзстандарт» агентлиги томонидан «тартибга солувчи гильотина» усулида 5236 та стандартларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Тегишли маълумотлар «Ўзстандарт» агентлигининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган. Эътиборингизни, кўрсатилган стандартлар 2021 йил апрелдан июнь ойигача амал қилиши тўхтатилиши кўзда тутилганлигига қаратамиз, яъни, қўшимча таҳлил қилиш, стандартларни алмаштириш бўйича таклифларни тайёрлаш ва якуний қарорни қабул қилиш учун (6-9 ой) вақт берилган.
Ҳозирги кунда кўплаб мамлакатлар, маҳсулотларга талабларни белгилайдиган стандартларнинг таҳлилини аниқлаш ва уларнинг қайси бири долзарб бўлиб қолаётганини ва қайси бири ўз аҳамиятини йўқотганлигини аниқлаш мақсадида "тартибга солувчи гильотина" усулини тобора кўпроқ қўллашмоқда.
Тегишли ишлаб чиқариш соҳалари, стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар томонидан кўриб чиқиш натижалари бўйича эҳтиёж бўлмаган стандартлар эскирган ва зарур бўлмаган деб ҳисобланади.
Саноат тармоқлари томонидан республикада тугатилиши таклиф этилган стандартларнинг долзарблиги ва унинг қўлланилиши бўйича таклифлар билдирилганда мазкур стандартлар ўрнига тегишли халқаро, минтақавий стандартларнинг мавжудлиги таҳлил қилинади.
Халқаро (минтақавий) стандартлар бўлмаган тақдирда, республика ҳудудида амал қилиш муддати тўхтатилиши таклиф қилинган стандартларни амал қилиш муддатини тиклаш бўйича чоралар кўрилади.
«Ўзстандарт» агентлиги стандартлаштириш масалалари бўйича ҳамкорликка очиқлиги ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга стандартлаштириш масалалари бўйича ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилади.
«Ўзстандарт» агентлиги томонидан қўшимча равишда мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан кенгроқ ва таҳлилий маълумотлар тақдим этилади.