«Ўзстандарт» агентлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқда стандартларнинг ўзбек тилига таржима қилинмаётгани ва бу соҳадаги масалалар юзасидан муносабат билдиради.

Аввало, агентлик фаолияти ҳамда стандартлар масаласига бўлган эътибор учун миннатдорчилик билдирамиз.

Сўнгги 2-3 йил давомида Ўзбекистонда стандартларнинг давлат тилида қабул қилинишига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу кўрсаткич бугунги кунда 12 мингтага етди.

Шунингдек, агентлик томонидан халқаро стандартлаштириш ташкилотлари томонидан қабул қилинган ва ишлатилаётган стандартларни амалга киритиш ишлари олиб борилмоқда. Охирги уч йил ичида 8 мингта халқаро стандартларнинг 5 мингга яқини давлат тилига таржима қилинди.

2020 йилда қабул қилинган халқаро даражадаги 5800 тадан ортиқ стандартларнинг 2470 таси давлат тилига таржима қилинди. Қолган 3 мингдан ортиқ стандартларни давлат тилига таржима қилинган лойиҳалари вазирлик ва идоралар ҳузуридаги техник қўмиталар томонидан экспертизадан ўтказилмоқда. Чунки, стандартларни давлат тилига таржима қилиш жараёни мураккаб ва чуқур малака ҳамда билимни талаб қилади.

Шунингдек, корхоналар томонидан ўз маҳсулотларини экспорт қилиш даврида стандартларни асл тилида қабул қилинган ва рус ёки инглиз тилидаги матнларига ҳам эҳтиёж мавжуд.

Соҳада ўтказилган ўрганишлар ва таҳлиллар натижасида ҳозирги замон талабларига жавоб бермаётган, маънан эскирган 1995 йилгача бўлган 5200 та давлатлараро стандартларнинг бекор қилиниши ва уларнинг ўрнига замонавий халқаро стандартларнинг қабул қилиниши сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишига замин яратади.

Муносабатда билдирилган электрон дўкон ташкил қилиш орқали стандартлар билан таъминлаш тизими юзасидан агентлик давлат стандартларини электрон дўкон орқали эмас, балки ўз сайти орқали бепул етказиб бериш имконияти яратилганлигини маълум қилади.

«Ўзстандарт» агентлигининг фаолиятига, унинг веб-сайтида жойлаштирилаётган янгиликлар ва стандартларга ижтимоий тармоқлар томонидан бўлаётган эътибор агентликнинг бу соҳада олиб бораётган ишларининг тўғри йўналишда ташкил этилганлигини кўрсатиб турибди. Ўз навбатида биз сифатга, стандартларга бўлган эътибор учун миннатдорлик билдирамиз.

«Ўзстандарт» агентлиги матбуот хизмати