Қадрли дўстлар!
Аввало, ўз ҳаётини эл-юрт саломатлигини асрашдек ғоят масъулиятли ва шарафли ишга бағишлаган сиз, азизларни касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий табриклаб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан мамнунман.
Халқимиз сизларни дунёдаги энг улуғ касб эгалари, муқаддас қасамёдига содиқ, ўз ишига фидойи инсонлар деб билади ва машаққатли меҳнатингизни юксак қадрлайди.
Айниқса, ҳозирги мураккаб пандемия шароитида чинакам саломатлик посбонлари бўлиб майдонга чиқаётганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир.
Ушбу хавфли касалликка чалинган минг-минглаб юртдошларимизнинг шифо топиб, оиласи бағрига қайтаётганида, ҳеч шубҳасиз, сизларнинг беқиёс хизматларингиз бор.
Фурсатдан фойдаланиб, бу машаққатли курашнинг олдинги сафларида туриб, ўз ҳаётини хавф-хатарга қўйиб, жасорат ва матонат намунасини кўрсатиб келаётган барча тиббиёт ходимларига ўз номимдан, бутун халқимиз номидан яна бир бор чуқур миннатдорлик билдираман.
Ҳурматли тиббиёт ходимлари!
Биз ўз олдимизга халқимизни ҳар томонлама рози қилишдек улуғ вазифани қўйган эканмиз, бу мақсадга эришиш йўлида соғлиқни сақлаш тизимини жадал ривожлантиришга биринчи даражали аҳамият қаратмоқдамиз.
Кейинги тўрт йилда бу борада сизлар билан бирга улкан ишларни амалга оширдик. Бу даврда соҳага доир 200 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси қабул қилинганини қайд этиш лозим.
Юртимизда бирламчи тиббий-санитария, шошилинч ва тез тиббий ёрдам, ихтисослаштирилган хизматлар такомиллашиб бормоқда. Оналар ва болалар ўлимининг олдини олиш, касалликларни барвақт аниқлаш, оилаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббий маданиятни ошириш, аҳолининг ўртача умр кўриш даражасини узайтириш бўйича сезиларли натижалар қўлга киритилмоқда.
Маълумки, 2020 йил Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун мислсиз синов, айни вақтда изчил ривожланиш, янги тажриба орттириш йили бўлди.
Соҳа ривожи учун давлат бюджетидан 14,8 триллион сўм ёки 2019 йилга нисбатан 1,2 баробар кўп маблағ ажратилгани, шунингдек, Инвестиция дастурига мувофиқ ушбу тизимга 1,15 триллион сўм маблағ йўналтирилгани мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, катта ишларни амалга ошириш имконини берди. Жумладан, марказда ва жойларда қисқа муддатда даволаш-профилактика муассасалари, карантин зоналари ҳамда саралаш-тақсимлаш марказлари барпо этилди, Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 4 минг ўринли кўп тармоқли махсус шифохона ишга туширилди.
Ўз вақтида кўрилган бундай чора-тадбирларимиз бугун ижобий натижа бераётганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Айни вақтда репродуктив ёшдаги ва ҳомиладор аёллар ҳамда болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш мақсадида замонавий тиббиёт марказлари, хусусан, Тошкент шаҳрида Иккинчи перинатал марказ, илғор тиббий технологиялар билан жиҳозланган, йилига 1500 дан зиёд мураккаб тиббий амалиётни бажариш имконини берадиган Болалар миллий тиббиёт маркази фойдаланишга топширилди.
Соҳа ходимларининг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, ойлик маошларини кўпайтириш, пандемия шароитида ишлаётган шифокорларга қўшимча ҳақ тўлаш бўйича янги тизим жорий этилди.
Бу йил олис қишлоқ ва овулларда 798 та оилавий поликлиника ташкил этилиб, уларда ижтимоий дорихона, кечаю кундуз ишлайдиган тез тиббий ёрдам шохобчаси, аёллар маслаҳатхоналари, қизлар саломатлиги хоналари фаолияти йўлга қўйилгани ҳам муҳим ишларимиз қаторига киради. Шунингдек, акушер-гинеколог, хирург, стоматолог, терапевт, педиатр каби 5 та йўналишдаги тор соҳа мутахассислари фаолиятини йўлга қўйиш ҳисобидан қишлоқ аҳлига малакали амбулатория ёрдами кўрсатадиган тизим иш бошлади.
Кейинги йилларда республикамизда ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт марказларининг умумий сони 18 тага етказилди, ҳудудларимизда уларнинг 18 та филиали ташкил этилди. Ушбу марказларда буйрак ва жигар трансплантацияси билан боғлиқ мураккаб операциялар ўтказилмоқда. Ҳатто вилоятларимиз марказларида ҳам очиқ юракда кардиожарроҳлик операциялари амалга оширилмоқда.
Ҳозирги вақтда юртимизда 5805 та хусусий тиббиёт муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Улар тиббий хизмат сифатини ошириш ва рақобат муҳитини кучайтиришга хизмат қилмоқда. Айни пайтда 70 дан ортиқ хусусий тиббиёт муассасаси коронавирус инфекцияси бўйича лаборатория хизматларини кўрсатиш, 25 та шундай клиника эса диагностика ва даволаш билан шуғулланмоқда. Айтиш керакки, хусусий секторни кучайтириш борасидаги ишларимиз бугунги мураккаб вазиятда ўзини тўла оқламоқда.
Давлат-хусусий шериклик тизими асосидаги тиббий объектлар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Жорий йилда умумий қиймати 51,4 миллиард сўмни ташкил этадиган 9 та давлат-хусусий шериклик ҳамда 187 та аутсорсинг шаклидаги лойиҳалар амалга оширилгани ҳам шундан далолат беради.
Республикамизда Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармасини ташкил этганимиздан хабарингиз бор. Жамғарма маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси 150 та замонавий “Форд” тиббий ёрдам автомашинаси билан таъминланди. Натижада юртимиз бўйича тез тиббий ёрдам автомашиналари сони 2514 тага етди. Энг муҳими, мазкур тизимда хизмат сифати яхшиланиб бормоқда.
Мамлакатимизда биринчи марта Гемодиализ хизматлари бўйича концепция ишлаб чиқилиб, ҳозирги кунда уни амалга оширишга киришилди.
Яна бир муҳим масала – соҳа учун юксак малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ҳам муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу борада 2020 йилда тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларига қабул квоталари бакалавриат босқичи учун 27 фоиз, магистратура йўналишида 28 фоиз ва клиник ординатура тизимида 22 фоизга оширилгани ва янги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилгани ғоят муҳим аҳамиятга эгадир.
Ҳозирги вақтда Германия, Италия, Россия, Корея Республикаси, Туркия, Беларусь, Украина каби давлатларнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда талабалар зарур мутахассисликлар бўйича қўшма таълим дастурлари асосида ўқитилмоқда.
Муҳтарам соҳа ходимлари!
Албатта, соғлиқни сақлаш тизимидаги барча ислоҳотларимиз натижаси аввало ҳурматли шифокор ва ҳамширалар, ёшларга тиббиёт сирларини ўргатаётган профессор-ўқитувчилар, илмий ходимларнинг фидокорона меҳнати, маҳорат ва тажрибасига боғлиқ эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.
Тиббиёт ходимлари куни арафасида ўтказилган катта анжуманда сизлар билан бирга мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини бугунги кун талаблари асосида ривожлантириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш, профилактика ишларини кучайтириш, айниқса, соғлом турмуш тарзи тамойилларини кенг жорий этиш, диагностика ва даволаш жараёнларига рақамли технологиялар, инновацион ёндашувларни татбиқ қилиш билан боғлиқ энг муҳим ва долзарб вазифаларни белгилаб олдик.
Бутун халқимиз қатори бугунги оғир синовлардан мардона ўтаётган, замонамизнинг чинакам қаҳрамонлари бўлган сиз, тиббиёт ходимлари ана шундай масъулиятли вазифаларни адо этишда фаол иштирок этиб, барчага ўрнак ва намуна бўласизлар, деб ишонаман.
Сизларнинг машаққатли ва олижаноб меҳнатингизни муносиб қадрлаш, тизим учун малакали кадрлар тайёрлаш, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасининг рақобатбардошлигини ошириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва хорижий тиббиёт марказлари билан амалий ҳамкорликни кучайтириш, телемедицинани ривожлантириш масалалари бундан буён ҳам доимий эътиборимиз марказида бўлади.
Сизларни қутлуғ касб байрамингиз билан яна бир бор самимий муборакбод этиб, барчангизга бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Қўлингиз дард кўрмасин, ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз шифокорлар!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти