Юртимиз улкан қурилиш майдонига айланган. Замонавий ва ўзига хос услубда қад ростлаётган бинолар шаҳарлар қиёфасига ўзгача чирой бағишламоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, қурилишда фойдаланилаётган материаллар, хусусан металл (арматура) маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги белгиланган меъёрларга жавоб берадими деган савол туғилиши табиий.
Қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига мувофиқ хўжалик ва саноат объектлари қурилишида хавфсизликни таъминлаш, уларнинг қулашини олдини олиш, қурилишда ишлатилаётган металл маҳсулотларининг сифатини, шунингдек, металл прокати ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини назорат қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 февралдаги 89-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Департамент томонидан Республикамизнинг 100 га яқин металл маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарида ўрганишлар ташкил этилди.
Шунингдек, хавф-таҳлили асосида Андижон, Наманган, Самарқанд, Сирдарё ва Навоий вилоятларида жойлашган металл маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи 6 та корхонада давлат назорати тадбирлари ўтказилди. Натижада ўрганилган барча корхоналарда норматив ҳужжатларнинг талабларини бузилиш ҳолатлари аниқланди. Аниқланган номувофиқликлар бўйича ушбу 6 та корхоналарга камчиликларни бартараф этиш, шундан 4 та корхонага аниқланган сифатсиз маҳсулотларни реализация қилинишини тўхтатиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Жорий йилнинг 15 октябрь куни «Ўзстандарт» агентлиги тегишли ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситаси ходимлари билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятидаги металл маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи «SAMARQAND METALL PRODUCTION» корхонаси ва қурилиш объектларида қўлланилаётган металл маҳсулотларининг сифати бўйича ўрганиш ўтказилди.
«Samarqand metall production» корхонасида бугунги кунда 2 та Хитой давлатидан келтирилган индукцион печлар ўрнатилганлиги, корхонада Агентлик ҳузуридаги Департамент томонидан Бизнес амбудсман рухсати билан жорий йил июль ўтказилган назорат тадбирларида 7,1 тонна арматура маҳсулотининг сифати текширилиб, механик ва кимёвий кўрсаткичлари бўйича норматив ҳужжатлар талабларига номувофиқлиги, аниқланган эди.. Хусусан «Қурилишда қўлланиладиган, қора металлдан тайёрланган металл маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида»ги Махсус техник регламенти талабларига номувофиқлиги ҳамда, маҳсулот секртификатлаштирилмаганлиги, маҳсулотнинг даврий синовлари ўтказилмаслиги, сақлаш шароитлари номувофиқлиги ва қиёслов кўригидан ўтказилмаган ўлчов воситаларидан фойдаланилаётганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолат бўйича сифатсизлиги аниқланган 7,1 тонна арматура маҳсулотини сотишни таъқиқлаш кўрсатмаси берилган. Бугунги кунда мазкур корхонада индукцион печларда арматура маҳсулотини ишлаб чиқарилиши тўхтатилган ва бошқа турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Ишчи гуруҳ томонидан корхона раҳбарига тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди. Бошқа турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда амалий ёрдам беришга тайёрлиги таъкидланди.