Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил20 августда қабул қилинган 698-сон қарорига мувофиқ электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини (ҳисоблагичларни) ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш учун аризаларни қабул қилиш 2019 йил1-ноябрдан бошлаб Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали янги тизим жорий қилинди. Қарор қабул қилингунига қадар шафоф тизим йўқлиги боис, ҳисоблагичларни қиёслаш учун ариза берувчилар бевосита беш-олти маротаба тегишли ташкилотларга борган ҳолда хужжатларни топшириб, муддатлари аниқ бўлмаган ҳамда турли тўловларни амалга ошириб, мураккаб тартибдан ўтишга мажбур эдилар. Бу эса, ўз навбатида, ушбу масалада аҳолига ортиқча оворагарчилик, вақт ва маблағларни сарфланиши каби ҳолатларни юзага келтирар эди.Янги тизим билан аҳоли ва тадбиркорларнинг ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказишдаги ортиқча овогарчиликларсиз, бюрократик тўсиқларсиз “бир мурожаат” тамоили, яъни ягона дарча ҳизмати асосида амалга ошириш белгиланди.
Қиёслаш ҳизмати бугун қандай амалга оширилмоқда:
Янги тартибга асосан метрология лабораторияларига тақдим этилган ҳисоблагичлар 3 кунлик муддатда қиёслашдан ўтказилиши таъминланмоқда.Жами 115 та қиёслашдан ўтказиш ускуналари (стендлар)да бир кунда ўртача 6 240 та ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш қувватига эга.Регламентларга кўра ҳисоблагичларни метрология идораларига таъминотчи корхоналар томонидан етказиб берилиши белгиланганлигига қарамасдан, ишларни ўз вақтида бажариш учун, ҳамда таъминотчи корхоналарга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида метрология идораларидаги 44 та “Damas” автомобиллари ажратилиб, ҳисоблагичларни узоқ туманлардан маршрут асосида лабораторияларга келтириш учун жалб этилган. Тахлилларга кўра бир кунда ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказиш учун ўртача 984 та ариза берилишини инобатга олиб, 17 та метрологик идоралар томонидан қиёслаш ишларини белгиланган муддатлардан ва кечиктирмасдан амалга оширилаётганлигини кўриш мумкин.Ўз муддатида ҳисоблагичларни қиёслаш учун metrologiya.nim.uz электрон платформаси яратилиб, такомиллаштирилди.
Мазкур платформа Ягона интерактив давлат хизматлари порталига интеграция қилиниб, тегишли функциялар ёрдамида қиёслаш учун ариза берган истеъмолчи ўзиниг ID рақамини ёки ҳисоблагичнинг завод рақамини киритиш орқали ариза қайси жараёнда (статус, хронология) эканлигини билиш мумкин.Шу билан бирга, ҳисоблагичларнинг қиёслаш натижалари (сертификат ёки хабарномалар) электрон шаклда расмийлаштирилиб, ҳозирда уларнинг ягона электрон базаси шакллантирилмоқда.Аҳоли учун қулайлик яратиш билан бир қаторда, қиёслаш натижалари ва ҳулосаларни сохталаштиришни олдини олиш, йўқолган хужжатларни тез ва осонгина қайта юклаб олиш имконияти яратилди.
Натижада кўрсатилаётган қиёслаш хизмати учун нархлар хам камайтирилди. Аҳоли учун барча тўловлар ўрнига битта тўлов 44 минг сўм белгиланди. Бу эса ортиқча тўловларни йўқ бўлишига ва шаффофликни таъминлашга замин яратди. Шунингдек, таъминотчи корхоналар ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугашидан 30 кун олдин истеъмолчини қиёслашдан ўтказиш зарурлиги ҳақида ёзма равишда огоҳлантиради.Таъминотчи корхонлар томонидан белгиланган муддатда расмий равишда огоҳлантирилмаслик, ҳисоблагични ўз вақтида қиёслашдан ўтказмаганлик учун айбдорликни келтириб чиқармаслик нормалари жорий қилинди.Бундан ташқари, метрология соҳасида рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида жорий йилнинг 7 апрель куни “Метрология тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрири қабул қилинди.Мазкур Қонунга кўра давлат ва хўжалик бошқаруви органларида қиёслаш лабораторияларини ташкил қилиб, ўлчаш воситаларини шу жумладан ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказишга рухсат берилди, эндиликда таъминотчи корхоналар ўзларида қиёслаш лабораторияларини ташкил қилиб, ўрнатилган тартибда аккредитациядан ўтган ҳолда ҳисоблагичларни қиёслаш ишларини амалга ошириши мумкин.Бу эса ўз навбатида ҳисоблагичларни қиёслашдан ўтказишда янада қулайликлар яратиб, хизматларнинг сифатини оширилишига ва таъминот корхоналари томонидан қисқа муддатларда ҳизмат кўрсатишга ёрдам беради.